Самарқандлик талабалар Италияда ўқийди

Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелонининг юртимизга расмий ташрифи доирасида ушбу давлатнинг Тушиа университети проректори Алваро Марусси бошчилигидаги делегация Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида бўлди.
Ўзаро музокаралардан сўнг институт ва Тушиа университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда учта бакалавриат таълим йўналиши ва иккита магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим (Double degree) дастурларини жорий этиш, ЭРАСМУС+ дастури доирасида илмий лойиҳаларини амалга ошириш, талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий изланувчилар мобиллигини йўлга қўйиш масалалари кўзда тутилган.
Бундан ташқари, меҳмонлар институтда амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар, талабалар стартаплари билан бевосита танишиш имкониятига ҳам эга бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Тушиа университети Италиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, Витербо шаҳрида жойлашган. 1979 йилда ташкил этилган ушбу университет 6 та ўқув факультетидан иборат. Олийгоҳ қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлайди. Университет халқаро ҚС рейтингида 901–950 ўринларни эгаллаган.