Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДЧТИда Туркия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда янги таълим дастурлари ташкил этилади

Кеча, 27 апрель куни Туркиянинг Самарқанд шаҳридаги Бош консули Салих Жанер Самарқанд давлат чет тиллар институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва уни ривожлантириш мақсадида институт ректори Илҳомжон Тўхтасинов билан учрашди.

- Институт хорижий тилларни ўқитиш, туризм ва педагогика соҳаларида мутахассислар тайёрлаш бўйича минтақада етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. Ҳозирда бизда инглиз, немис, француз, итальян, испан, араб, хитой, корейс, япон ва рус тили кабилар асосий хорижий тил сифатида, шунингдек, индонез, ҳинд, форс ва турк тиллари эса иккинчи чет тили сифатида ўқитилиб келинмоқда, – дейди учрашув жараёнида институт ректори Илҳомжон Тўхтасинов. - Жанубий Корея, Малайзия, Хитой ва Россия Федерацияси каби давлатларнинг нуфузли олийгоҳлари билан қўшма таълим дастурлари ташкил этилган ва ҳозирда институтда 12 нафар тажрибали хорижлик мутахассислар фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, учрашув доирасида Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Туркия университетлари ўртасида талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви дастурларини жорий этиш, туркиялик талабаларни ёзги курсларга таклиф этиш, институтда турк тили иккинчи чет тили сифатида ўқитилаётганлиги боис турк тили мутахассисларини жалб қилиш ҳамда турк тилини мукаммал ўқитишни йўлга қўйиш кабилар муҳокама қилинди.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ахборот хизмати.