СамДТУ ректори Тожик давлат тиббиёт университетининг фахрий профессори бўлди
Самарқанд давлат тиббиёт университети (СамДТУ) бир қатор хорижий олий таълим муассасалари, жумладан, Абу Али ибн Сино номидаги Тожик давлат тиббиёт университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Ана шу ҳамкорлик доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори, профессор Жасур Ризаев Тожик давлат тиббиёт университетига борди.
Ж.Ризаев бошчилигидаги делегация Тожик давлат тиббиёт университетида яратилган шароитлар, таълим тизими, лаборатория ва ўқув фаолияти билан яқиндан танишди, ёш олимлар ва талабаларнинг «Ёшлар ва тиббиёт инновацияси: эртанги кунни қуриш» мавзусида ўтказилган XIX илмий-амалий конференциясида иштирок этди.
Тадбирлар доирасида университет ректори Жасур Ризаевга Тожик давлат тиббиёт университетининг «Фахрий профессори» унвони топширилди.
Қайд этилишича, СамДТУ делегациясининг Тожик давлат тиббиёт университетига ташрифи икки олийгоҳ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилишига замин яратади.