СамДТУ талабалари "Ватанпарварлик ўйинлари–2025" халқаро мусобақасида муваффақият қозонди

Беларуснинг Гродно шаҳрида "Ватанпарварлик ўйинлари–2025" халқаро мусобақаси ўтказилди. Ушбу тадбир Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланди.
Мусобақа Гродно давлат тиббиёт университети ташаббуси билан ташкил этилди. Унда Беларус, Россия ва Ўзбекистон давлатларидан 20 га яқин олий таълим муассасасининг 100 дан ортиқ талабаси иштирок этди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалари мусобақанинг ҳарбий амалий эстафета босқичида фахрли 3-ўринни эгаллади.
Мусобақа доирасида талабалар "Ҳарбий-спорт эстафетаси", "Ҳарбий дала волейболи", "Ҳарбий дала дарси", "Разведатлон", "Штурм", "Арқон тортиш" каби қатор жисмоний ва ақлий синовларда ўз куч ва билимларини синовдан ўтказди. Шунингдек, иштирокчилар учун ҳарбий тарихий викторина ва ватанпарварлик қўшиқлар кечаси ташкил этилди.
Мусобақа якунида барча иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди. Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалари жисмоний тайёргарлик, ақлий салоҳият ва жамоавий ишлашда юқори натижаларни намоён этди.