СамДТУда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Самарқанд давлат тиббиёт университети «Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари» талабалар ва ёш олимларни анъанавий 77-Халқаро илмий-амалий конференцияси доирасида Туркия, Малайзия, Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Грузия, Қозоғистон, Украина, Беларусь, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистоннинг 52 дан ортиқ тиббиёт олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш институтлари талабалари ва ёш тадқиқотчиларига мезбонлик қилди.

- Талабалар ва ёш изланувчилар фаолиятга кўмаклашиш ва уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳозирги кун тартибимиздаги энг долзарб масалаларидан бири, - деди университет ректори Жасур Ризаев. - Анжуманни яна бир муҳим вазифаси, бу халқаро ҳамкорлик орқали талабаларимизни касбий алоқаларини кенгайтириш ҳамда хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашишдир.

Халқаро конференция давомида қилинган 551 дан ортиқ чиқишларда жамоат саломатлиги, тиббиётда гуманитар фанлар, фундаментал тиббиёт ва морфология, ички касалликлар, кардиология, неврология, психиатрия, спорт тиббиёти ва реабилитация, педиатрия, офталмология каби йигирмадан зиёд йўналишларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Қуворнарлиси, тиббиёт коллежлари ва академик лицей талаба-ёшлари ва ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар ишлий ишланмалари ва Start-up лойиҳалар танлови алоҳида шуъбаларда ўтказилди. Конференция иштирокчиларини мингдан зиёд илмий ишлари алоҳида тўплам сифатида чоп қилинди.

- Самарқандда ўтказилаётган халқаро анжуман юқори савияда бўлиб ўтди, - деди Тожикистон давлат тиббиёт университети талабаси Манижа Низомиддинова. – Конференцияда ҳақиқий бирдамлик, дўстлик ва самимият руҳи ҳукмронлик қилди. Ҳар бир иштирокчига билими ва маҳоратини кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Кўрсатилган меҳмондўстлик учун конференцияни барча ташкилотчиларига самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция талабалар, ёш олимларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш ва уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, фундаментал ва клиник фанлар ўқитиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.

СамДТУ ахборот хизмати.