СамДУ ижодий имтиҳонлар учун четдан мутахассис чақиради
Давлат тест марказининг маълумотларига кўра, 2020 йил 1 июль куни 18:00 ҳолатида Самарқанд давлат университетида ўқиш истагини билдириб, рўйхатдан ўтган абитуриентлар 20336 нафарни ташкил этмоқда ва бу республикамиздаги олий ўқув юртлари орасида энг юқори кўрсаткичдир.
– Ўтган йил университетнинг 54 бакалавр таълим йўналишида ўқиш учун 74 мингдан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтган эди – дейди Самарқанд давлати университети қабул комиссияси масъул котиби Р.Мирзаев. – Бу йил абитуриентлар сони ўтган йилгидан кўп бўлиши кутилмоқда. 2020-2021 ўқув йили учун университетимизнинг кундузги шаклдаги 49 таълим йўналишида 3325 та қабул квотаси (763 та давлат гранти, 2562 та тўлов-контракт асосида) белгиланган. Шунингдек, сиртқида таълим шаклида 15 йўналиш бўйича 1200 та, 5 та кечки таълим йўналишида 375 та ўрин мавжуд. Таълим йўналишларимиз бу йил оптималлаштирилиб, 5 тага қисқарган бўлса-да, юриспруденция, биотехнология, ноширлик иши, математик инжиниринг, мевачилик ва узумчилик каби янги, истиқболли йўналишлар ташкил этилди. Яна бир янгилик бу йил университетимиздаги таълим тожик тилида олиб бориладиган йўналишлар учун ҳам абитуриентлар тест синовлари топширади. Шу пайтгача мазкур тилда ўқиганлар ижодий имтиҳондан ўтарди. Алоҳида иқтидор талаб қиладиган жисмоний маданият, тасвирий санъат сингари 8 таълим йўналишида талабаликка талабгорлар ижодий имтиҳон топширади. Мазкур синовларнинг очиқ ва шаффоф, адолатли ўтиши, бу жараёнда турли хил қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида университетимиз ректори олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу синовларни ўтказиш учун юртимиздаги бошқа олий таълим муассасаларидан мутахассислар юборилишини сўради. Уларга барча шарт-шароитни яратиб беришга тайёрмиз. Ижодий имтиҳонларда университетимиз профессор-ўқитувчилари қатнашмайди.
Қабул комиссияси масъул котибининг айтишича, бугунги кунда қабул комиссия томонидан Cool-markaz ташкил этилиб, 25 нафар ходим навбат асосида фаолият олиб бормоқда. Улар абитуриентлар ва ота-оналарнинг қабул билан боғлиқ саволларига жавоб бермоқда. Айни пайтда кўпчиликни олий ўқув юртларида қизлар учун ажратилган квоталар қизиқтирмоқда ва шу бўйича саволлар кўп. Айрим ота-оналар бу борада қабул комиссиясига мурожаат қилмоқда. Комиссия эса ушбу масала фуқароларнинг ўзини ўзи маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида кўриб чиқилиб, хулосалар берилишини маълум қилмоқда.