СамДУ психология ва ижтимоий фанлар факультети бу йил замонавий бинога эга бўлади

“Talaba.uz” телеграмида исм-шарифи кўрсатилмаган талабалар СамДУнинг психология ва ижтимоий фанлар факультетида ўқиш учун шарт-шароит ёмонлиги ҳақида ёзишди. Ҳақиқатдан ҳам икки ой муқаддам мазкур факультет талабалари сонининг кескин ошганлиги сабабли янги бинога кўчирилган эди.

Биз ташкилий гуруҳимиз билан талабалар ётоқхонаси учун қурилган ва мослаштирилган бинодаги факультетда бўлиб, мавжуд аҳвол билан яқиндан танишдик. Айни пайтда бу ерда 1050 нафардан зиёд талаба ўқимоқда. Аудиторияларда иситиш тизими ўртача. Ҳаво ҳароратининг совуқлиги боис табиий газ босими пасайган. Электр таъминотидан ҳеч ким нолимади. Айрим ўқув хоналарида ёритгич усканалари тўлиқ ишламаётган эди. Ҳозир улар янгисига алмаштирилган.

Қайд этилганидек, иккинчи қаватга чиқиладиган зина ночор ҳолатда бўлган. Бу борада ҳам қисман таъмирлаш ишлари бажарилган. Стол-стуллар, дераза ойналари яроқлисига алмаштирилган. Университет мутасадди раҳбарлари бу муамммоларни қисқа муддатда ҳал этишга ваъда беришди.

Яна бир жиҳат, айрим гуруҳлардаги талабалар билан суҳбатлашганимизда, ҳозирги шароитга тўғри баҳо бериб, аноним (исм-шарифини кўрсатмай шикоят йўллаган тенгдошлари борлигига ишонишмади) хат ёзганларнинг фикрини маъқулламади. Улар шарт-шароитлар яхшиланишидан умидвор.

Факультет масъулларининг айтишича, 2019-2020 ўқув йилида СамДУ психология ва ижтимоий фанлар факультетида талабалар сони кескин кўпайган. Шу муносабат билан ушбу факультет Самарқанд давлат университети тасарруфига ўтказилган Самарқанд 1-педагогика коллежи биносига кўчирилган. Жорий ўқув йилида коллежни сўнгги курс ўқувчилари битиради ва бино тўлиқ факультет ихтиёрига ўтади. Бундан ташқари, СамДУ раҳбарияти йил якунига қадар мазкур факультетни замонавий ўқув биносига кўчириш чораларини кўради.

СамДУ матбуот хизмати.