Самимият нима?
Самимият, назаримда, туғма фазилат. Яъни, ҳар кимнинг ўз-ўзидек яшаши. Самимият - инсон қалбининг кўриниши. Уни ўзгартириб бўлмайди.
Самимият - кўнгилда неники ўйласа, ўшани сўзлаш, фикрлаганини гапириш. Зеро, касбда ҳам, ҳаётда ҳам ўртамиёнлар самимий бўла олишмайди. Улар ўзини оқлаш учун ясама самимиятни касб қилиб олишади. Қўлидан иш келмайдиган, иродасиз кишилар ҳам шундай.
Самимий одам яхшилигини нафақат миннат, ҳатто кўз-кўз ҳам қилмайди. Бировнинг аҳволига ичида ачинади ва ёрдам бериш йўлини қидиради. Тўйда тўй эгасига ялтоқлик қилмайди, меҳмонларга беминнат хизмат қилаверади, камчиликни тўлдириб туради. Азаларда садоқатини овоз чиқариб билдирмайди, ич-ичидан йиғлайди.
Агар самимият бўлмаса, бировни эшитиш, тушуниш оғир. Манфаат ўртага тушганда самимият ўз-ўзидан йўқолади. "Душманларинг билан адолатли кураш, дўстларинг билан самимий бўл" дейилади "Авесто" да.
Самимият ёки носамимиятлик тезда кўзга ташланади. Кўнгил ҳар бир сўз ва ҳаракатнинг самимийлигини ёки ёлғонлигини тез сезади. Бу борада "ҳеч ким билмади", "бопладим" деган фикрлардан қочиш керак.
Иккиюзламачи, ёлғончидан самимият кутманг.
Самимий кишиларни кўпчилик ҳурмат қилади, ҳатто бирор масалада ёрдам бера олмаса-да. Бирор ёрдамга кучи етмаслигини айтиш ҳам самимиятдир.
Самимият - ҳар кимнинг бор-борича яшашидир. Аллоҳ шу фазилатни кўп кўрмасин. Самимиятни бой берманг!