“Samrin Trade” корхонаси жорий йилда 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилади

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси юқишининг олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин даврида ҳам ишлаб чиқариш корхоналари бир маромда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Айниқса, экспорт корхоналари томонидан жаҳон бозорига сифатли маҳсулотлар ўз вақтида етказиб берилаётир.

Бу эса коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадининг кескин пасайиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Самарқанд туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Samrin Trade” қўшма корхонаси вилоятдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаб, хорижга экспорт қилишга ихтисослашган йирик корхоналардан бири саналади. Корхонада бугунги кунда майиз, туршак, ёнғоқ каби қуруқ мевалар қайта ишланиб, қадоқланган ҳолда дунёнинг ўнга яқин мамлакатига, асосан, Европа давлатларига етказиб берилмоқда.

Мазкур корхонада ҳам қайта ишлашнинг янги, замонавий технологияларини ўрнатиш бўйича муайян чоралар кўрилмоқда. Натижада корхонада майизни саралашга ихтисослашган лазерли ускуналар келтирилди. Бу эса тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифатлилигини таъминлашга хизмат қилаётир.

Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида корхона томонидан қарийб 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Эндиликда қайта ишлаш учун зарур мевалар корхона қошида ташкил қилинган 140 гектар интенсив боғда етиштирилмоқда. Ҳозирда томчилатиб суғоришга мўлжалланган технологиялар асосида Европадан келтирилган пакана ва ярим пакана кўчатлар парваришланмоқда. Бу корхонанинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам замин яратади.

– Айни пайтда мамлакатимизда карантин даври бўлишига қарамасдан, корхонамиз тўла қувват билан ишламоқда, – дейди корхона раҳбари Абдушукур Қурбонов. – Ўтган 2019 йилда 3 минг 500 тонна маҳсулотни 4 миллион АҚШ долларига экспорт қилган бўлсак, жорий йилда ҳам қарийб 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.

Корхонада меваларни қабул қилиш, сақлаш ва тозалаш учун зарур шароитлар яратилган. Бу ерда 30 нафардан зиёд қишлоқ ёшлари замонавий ускуналар ёрдамида меҳнат қилишмоқда. Уларнинг келиб кетиши учун алоҳида транспорт ажратилган. Иссиқ овқат, ходимларга махсус кийимлар ҳам ташкил қилинган. Тайёрланаётган маҳсулотлар тезкор лабараториядан ўтказилади. Корхонада асосий эътибор меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган. Ишчиларнинг ниқоб ва қўлқоплари белгиланган вақтда алмаштирилиб, корхонанинг цехларида ҳам мунтазам дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.