СамТИ жамоаси 3 минг нафар сардобаликларга ёрдам юборди

Бугун эрта тонгдан Самарқанд давлат тиббиёт институтида “Биз сардобаликлар билан биргамиз!” шиори остида хайрия акцияси уюштирилди.

Хайрия акциясига инсонпарварлик ёрдами сифатида институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар кийим-кечак, буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишди.

– Барча каби бизнинг жамоа ҳам ушбу фожеадан қаттиқ ташвишга тушди. Ҳозирда сув тошқини бўлган ҳудудга тинимсиз ёрдам карвонлари жўнатилмоқда. Буни оммавий ахборот воситалари орқали кузатяпмиз. Шу туфайли Зомин туманида вақтинча яшаётган 3000 нафардан ортиқ сардобаликларга ёрдам қилишга қарор қилдик, - деди олий ўқув юртининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Э.Тангиров.

Хайрияга йиғилган кийим-кечак, буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари Жиззах вилоятининг Зомин туманига етказилди.

Одилбек АҲМЕДОВ.