Маҳаллаларнинг 5 нафар ёшлари иш билан таъминланди

Бугун жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг ёшлар ўртасида кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Улар томонидан содир этилаётган жиноятлар умумий жиноятларнинг 25 фоизини ташкил этиши кўпчиликни сергак торттириши лозим.
Уларни жиноят содир этишга ундайдиган ҳолатлар, сабабларни ўрганиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмас экан, вазият ўзгармасдан қолаверади.
2019 йил давомида Самарқанд шаҳрида ёшлар томонидан содир этилган жиноятчилик ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 54 фоизга камайган. Бу ҳақда Самарқанд ветеринария медицинаси институтида бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасидаги учрашувда Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи Жамшид Қодиров маърузасида айтилди.
Учрашувда маҳалла ёшлари, талабалар ҳамда ИИБ мутасадди ходимлари иштирок этди.
Ёшлик инсон умрининг илм ўрганадиган, касб эгаллайдиган муҳим палласи. Бундан унумли фойдаланиб, ўзининг салоҳиятини ошириб бораётган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга интилаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо айримлар “Ёшлик – бебошлик”, дея ножўя ҳаракатларга қўл уриб, жиноят кўчасига кириб қолганини билмай қоляпти.
- Битта жиноят содир этилса, бу ўша ҳудудда ишлар яхши ташкил этилмаганлигини англатади, - дейди Ж.Қодиров. - Самарқанд шаҳрида 210 та маҳалла бор. Бу маҳаллаларнинг барчасида жамоатчилик назорати постларини ўрнатганмиз. Уларнинг 47 фоизи видеокамералар билан жиҳозланган. Биз жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали жиноятчилик, ахлоқсизлик, гиёҳвандлик каби ёшлар ўртасида учраётган иллатларга қарши курашишимиз, ишсизлик каби ижтимоий масалаларга ечим топишимиз керак.
Ёшлар сектор раҳбарига прописка, иш топиш каби масалалар юзасидан мурожаат қилишди. Раҳбар бир ҳафта муддатда Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабалари ўтадиган Мирзо Улуғбек кўчасидаги чорраҳа чизиқларини янгилашга ваъда берди.
Учрашув доирасида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 5 нафар ёшлар “8 март” фабрикаси, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ва қурилиш объектларига ишга таклиф этилди. 31 нафар фаол талабалар ҳамда Самарқанд шаҳрининг Маданият, Садаф, Тинчлик ва Ҳунармандлар маҳаллалари ёшларига бадиий адабиётлар совға қилинди.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.