Сана: 26 июнь - халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни
БМТ Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилган резолюциясига биноан 26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни сифатида белгиланган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, гиёҳванд моддаларнинг кенг тарқалиши бир қатор ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади. Жумладан, демографик фожиаларни келтириб чиқаради, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда жиноятчилик кўзга ташланади.
БМТнинг жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар устидан назорат бошқармаси маълумотларига кўра, кейинги йилларда гиёҳвандликка ружу қўйганлар дунёда 300 миллион кишидан ошиб кетди.
Жаҳонда қайд қилинадиган ўлимларнинг 43 та сабабидан гиёҳвандлик оқибатида содир бўладиган ўлим 19-ўринда туради. Гиёҳвандликка қарши курашда илк бор бундан юз йил муқаддам ҳамкорлик қилина бошланди. 1909 йилнинг февраль ойида 13 та давлат вакиллари Осиёда гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши кураш мақсадида Шанхайда тўпланишди. Ўшанда Шанхай комиссия ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар орасида қайд этиладиган ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан. Бир йилда 211 мингта ўлим айнан гиёҳвандлик оқибатида келиб чиқади. Европада гиёҳвандлик оқибатида ҳалок бўлаётганларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил қилади. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, гиёҳвандлик оқибатида 1,6 миллион киши ОИТСга мубтало бўлади. 7,2 миллион киши эса гепатит C вирусини юқтириб олади. 1,2 миллион киши гепатит B вирусига чалинади.