Санкт-Петербургдан амалга оширилган чартер рейснинг 86 йўловчисида, Қозоғистон чегара постидан кириб келган 99 нафар фуқарода коронавирус аниқланган
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги 14 кунлик таҳлилига асосан: 17 та чартер рейслар билан олиб келинган 4056 нафар, чегара ўтказиш постлари орқали мамлакатимиз ҳудудига кириб келган 11 216 нафар ҳамда мулоқотда бўлганлар билан биргаликда ҳисобланганда жами 20 035 нафар фуқаролар стационар карантинга олинган.
Шу даврда 734 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса, шундан 283 нафари Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасидан тасдиқланди.
Таҳлилларга кўра, хориждан чартер рейслар билан олиб келинганлар орасида энг кўп касалланганлар 14 май куни Санкт-Петербург шаҳридан олиб келинган фуқароларда аниқланиб, 86 нафарни ташкил этди.
Чегара ўтказиш постлари орқали кириб келганлар орасида энг кўп касалланиш ҳолати эса Қозоғистон Республикасидан “Ғишткўприк” чегара постидан кириб келган фуқаролар орасида аниқланди. Уларнинг сони 99 нафар.
Айни пайтда давлат бюджетидан стационар шароитда тиббий кузатувда бўлган ҳар бир фуқаронинг бир куни учун ўртача 153 минг 700 сўм сарфланмоқда.
14 кунлик карантин кузатуви муддати давомида касаллик аниқланмаган ва карантин муассасасида касалланганлар билан мулоқотда бўлмаган фуқаролар махсус ажратилган транспорт воситаларида ўз манзилларига етказиб қўйилмоқда.