Сингапурдан Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига тўғридан-тўғри чартер рейслари ташкил этилмоқда
Сингапурда "Ўзбекистон: цивилизациялар чорраҳаси" деб номланган кенг кўламли роуд-шоу тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистоннинг янги сайёҳлик дастурлари намойиш этилган тадбир Туризм қўмитаси, Миллий PR маркази ва юртимиздаги етакчи сайёҳлик компаниялар томонидан уюштирилди. Унда Сингапур сайёҳлик соҳасининг 60 дан зиёд вакиллари, жумладан, туризмни тарғиб қилиш ва ислом туризмига ихтисослашган ташкилотлар, етакчи туроператорлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сингапур томонининг алоҳида эътибори Ўзбекистоннинг тарихий, маданий, зиёрат, қишки, гастрономик ва ишбилармонлик туризми имкониятларига қаратилди.
Роуд-шоу тақдимоти давомида, шунингдек, икки давлат сайёҳлик компаниялари вакиллари ўртасида B2B шаклидаги музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар натижасида сингапурлик сайёҳлар учун Ўзбекистонга янги турларни ташкил этиш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Шунингдек, йил охиригача Сингапурдан Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига тўғридан-тўғри чартер рейсларини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.