Саратонда юртимизда ҳарорат 42 даражага етиши кутилмоқда

Саратон ҳижрий-шамсий йил тақвимининг тўртинчи ойи ҳисобланиб, 22 июндан 22 июлгача бўлган даврни ўз ичига олади. Халқ ичида “чилла” деб аталадиган энг иссиқ ҳароратли қирқ кунлик даврнинг катта қисми июль ойига тўғри келади, деб ёзмоқда ЎзА.

“Ўзгидромет”дан маълум қилишларича, бу ҳафта иссиқ ва қуруқ келади. Сабаби, бу пайтга келиб, қуёш шимолий ярим шарнинг энг юқори нуқтасига кўтарилиб, заминни беаёв қиздиради. Бу даврда Ўрта Осиё ҳудуди, шу жумладан Ўзбекистон паст босимли яққол намоён бўлмайдиган фронтсиз майдонлар таъсирида бўлади. Қизиган чўллар устида юқори ҳароратли ва таркибида нам жуда кам бўлган континентал тропик ҳаво оқимлари шаклланади.

Бу ёзнинг ўртасида ҳавонинг кам булутли, қуруқ ва жазирама иссиқ бўлишини белгилайди. Шу боис бу ҳафтада ва кейинги ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ёз авжи учун хос бўлган иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Ҳаво ҳарорати 8-10 июль кунлари кундузи 37-40 даража, жанубда ва чўл зоналарида 42 даражагача бўлади.

Кейинчалик иссиқнинг кучайиши кутилмоқда. Кечаси ҳарорат 24-27 даража атрофида, кундузи 39-42 даража, юртимизнинг жануби ва чўл ҳудудларида кечаси 30-32 даража, кундузи 43-44 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу ёз ўртаси учун ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 5-7 даража юқори демакдир.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг июли умуман олганда энг иссиқ йиллардан бири бўлиб, Ўзбекистоннинг кўпгина минтақалари, хусусан, Тошкент шаҳри учун бутун метеорологик кузатувлар даврида энг иссиқ йил бўлди.

Айрим жойларда ҳароратнинг янги рекорд кўрсаткичлари қайд этилди. Тошкентда ўтган йили июлда ҳарорат 43 даражани ташкил қилган.

Пойтахтимизда энг иссиқ ҳарорат эса бутун кузатувлар даври мобайнида 1997 йил 18 июль куни қайд этилган. Ўшанда ҳарорат 44.6 даражани ташкил қилган.