Сарҳисоб: Таълим соҳасининг 2024 йил учун аниқланган бюджети 662,4 миллиард сўмни ташкил қилди

Йил якуни бўйича ижро 662,3 миллиард сўмни ёки 99,9 фоизни ташқил этади.

Самарқанд вилоятидаги 1264 та умумий ўрта таълим мактабини узлуксиз юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш мақсадида абонент тўловлари учун 7,8 миллиард сўм, ҳар бир туман (шаҳар)дан 3 тадан, вилоят бўйича 48 та мактабга энг яхши хорижий тил мактаби кўрик-танлови учун 4,2 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Президентимизнинг 2021 йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан олис ҳудудларда жойлашган мактабларга малакали ўқитувчиларни жалб этишни рағбатлантириш белгиланган. Шу ҳудудда ишлаш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш харажатларига 3,7 миллиард сўм маблағ молиялаштирилди.

Мисол учун, Каттақўрғон туманидаги 11 та мактабда ишлаётган 34 нафар ўқитувчига уй-жой ижараси учун 277,4 миллион сўм, Қўшработ туманидаги 36 та мактабда ишлаётган 97 нафар ўқитувчига уй-жой ижараси ва бошланғич ёрдам пули учун 1,1 миллиард сўм йўналтирилди. Нарпай туманидаги 4 та мактабда ишлаётган 24 нафар ўқитувчига уй-жой ижараси учун 195,8 миллион сўм, Нуробод туманидаги 24 та мактабда ишлаётган 236 нафар ўқитувчига уй-жой ижараси ва бошланғич ёрдам пули учун 1,9 миллиард сўм маблағ молиялаштирилди.

Ажратилган маблағлар доирасида 114 та умумий ўрта таълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 5,3 миллиард сўм сарфланди. Жорий йил сентябр ҳолатига мактаблар сони 1264 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 тага, синф сони 449 тага, ўқувчи сони 11814 нафарга кўпайди.

Умумтаълим мактабларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 19,4 миллиард сўм маблағ молиялаштирилди. Бунда 1,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 36 та умумий ўрта таълим мактабига кичик қувватли қуёш панеллари ўрнатилди. Мисол учун, асосий воситалар сотиб олиш учун ажратилган маблағлар доирасида Оқдарё туманидаги 25, 42, ва 43-мактабларга 90 миллион сўмга 15 кВт, Самарқанд туманидаги 9, 10, 16 ва 53-мактабларга 358 миллион сўмга 35 кВт кичик ҳажмли қуёш панеллари ўрнатилиши таъминланди.

Орзумурод МАРДОНОВ,

вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси бўлим бошлиғи.