Сатурн йўлдошида ҳаёт бизнинг тушунчамиз бўйича йўқ. Аммо у инсониятга номаълум бўлган бошқа шаклда бўлиши мумкин
Яқинда астрофизиклар «Ердан ташқаридаги ҳаёт олимлар тасаввур қилганларидан ҳам яқинроқда, Сатурннинг йўлдоши - Реяда бўлиши мумкин», деган шов-шувли хабарни тарқатишди. Хўш, бундай башоратда қандай асослар бор? Нега айнан Реяда ақлан бизга қариндошлар яшаши бўлиши мумкин?
1997 йил 15 октябрда АҚШнинг Флорида штатидаги НАСА космодромидан “Кассини” космик аппарати учирилди ва у 4 миллиард километр масофани учиб ўтиб, Сатурн сайёраси тизимига етиб борди. Олимларни кўпроқ газли гигант Сатурннинг энг катта йўлдоши Титан қизиқтирарди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, худди шу йўлдош астрономларнинг Қуёш тизимида ҳаётнинг мавжудлиги ҳақидаги барча тасаввурларни ўзгартириб юбориши мумкин, деган тушунчада эди. Титан сиртининг ички тузилишини ва атмосферасини ўрганиш учун “Кассини”дан унга тадқиқот зонди ташланди. “Кассини” аппарати эса Сатурн атрофи бўйлаб кўп йиллик ўз саёҳатини давом этдирди. У ўзининг бевосита вазифаси бўлган газли гигантнинг ҳалқаларини ўрганиш ва инсоният тарихида биринчи бўлиб, унинг 62 йўлдошлари расмларини олишга киришди. Орадан 6 йил ўтиб, бу сайёралараро станциянинг Сатурн томон қилинган барча «саёҳатлари» ичида муҳим воқеа бўлиб қоладиган фантастик кашфиёт қилишига ҳеч ким ишонган эмасди. Маълум бўлдики, Титанда эмас, балки Реяда ҳаёт бўлиши мумкин экан.
Рея Сатурннинг катталиги жиҳатидан иккинчи, саноқ жиҳатидан йигирма биринчи йўлдоши ҳисобланади. Астрономлар бу сайёрани ХVII асрда кашф қилишган бўлса-да, ўтган 300 йилдан ортиқ вақт мобайнида у ҳақида жуда кам нарса билишган. Унинг диаметри 1,5 минг километрдан зиёдроқ, ташқи кўринишидан Меркурийга ёки Ойга ўхшаган, сирти улардаги каби метеоритлардан ҳосил бўлган улкан кратерлар билан тўлиб-тошган йўлдошдир. Ундаги аксарият кратерларнинг диаметри 40 километрга етади.
Қизиғи шундаки, бу кратерлар йўлдошнинг орбитал ҳаракати йўналиши томонидаги яримшарида жойлашган. Бизнинг Ойимиз каби Реянинг ўз ўқи атрофида айланиш даври унинг Сатурн атрофида айланиш даврига мос келади. Шу боисдан метеоритлар Реянинг фақат бир томонини “бомбардимон” қилишади. Иккинчи томони эса метеоритлар учун «қоронғи» томон ҳисобланади.
«Сатурн - катта сайёра, у газли гигант сайёралар синфига киради. Шунинг учун унинг гравитация майдони жуда кучли ва бу йўлдош Ой каби Сатурнга фақат бир томони билан қараган бўлади», - дейди физика-математика фанлари доктори Валерий Шематович.
Агар Реянинг Сатурнга қараган томони улкан кратерлар билан “тилинган” бўлса, унинг иккинчи томони кўп километрли, келиб чиқиши номаълум бўлган, бир-бирига улашиб кетган йўлаклар билан тўлиб-тошган экан. Кўп вақт олимлар бу йўлакларни йўлдош пўслоғидаги вулқонларни ёпиб қолган ёриқлар (разлом) деб тушуниб келишган. Булар ўзидан қайноқ лавалар ўрнига, сувни отиб турадиган космик вулқонларнинг махсус тури ҳисобланади.
Лекин кўп ўтмай маълум бўлдики, Рея жуда паст зичликка эга экан. Бу шуни кўрсатадики, йўлдошда унинг массасининг учдан бири миқдорида тошли жинслар мавжуд бўлиб, қолган қисми оддий муздан ташкил топган экан. Агар йўлдош сиртидаги температуранинг минус 220 градусгача тушиб кетишини назарга олсак, унинг сиртида сувнинг суюқ ҳолда бўлиши мутлақо мумкин бўлмайди. Демак, Сатурн йўлдоши сиртидаги сирли йўлаклар мавжудлигининг сабаби бошқача бўлиши лозим.
Бу қандай сабаб? Бундай саволга 2007 йилда “Кассини” космик аппарати олиб, Ерга юборган расмлар жавоб беради. Ўта тиниқ бу расмлардан кўринадики, бу ёрқин йўлаклар музлик чўққилари ва жарликлардан иборат экан.
“Кассини” сайёралараро станцияси энг муҳим ва кутилмаган кашфиётни 2010 йил 2 мартда амалга оширди. Рея атрофидаги навбатдаги айланиш вақтида йўлдошга аппарат жуда яқин баландликдаги масофага - 97 километрга учиб боради ва унинг атмосферасидан намуна олади. Намуна таҳлилининг натижалари ҳаммани ҳайрон қолдирарли даражада бўлган - Реянинг атмосфераси жуда ҳам Ер атмосферасига ўхшаш бўлиб, ҳатто нафас олиш учун яроқли экан. Чунки у ҳам кислороддан ташкил топган бўлиб, бундай янгилик билан космосни ўрганишнинг барча даврида биринчи марта бегона сайёрада олимлар учун кутилмаган натижа эди.
Илгари астрономлар кислород борлигини фақат билвосита йўллар билан, масалан, телескоп орқали ёки спектрал таҳлил йўли билан аниқларди. Астрономлар кислородни бундай йўл билан фақат икки марта - Юпитер йўлдошлари бўлган Европа ва Ганимедларнинг кучсиз кислород атмосферасини аниқлаган эди.
Реянинг атмосферасини ўрганишдаги кейинги ўринишлар бу йўлдошда бир сонияда 130 грамм кислород ажралиб чиқишини кўрсатди. Бу йўлдош кислород қатламининг жуда юпқалигидан хабар беради. Ердаги температура ва тортишув шароитларида бу қатламнинг қалинлиги тўққиз этажлик уйнинг баландлигидан ошмаган бўларди. Солиштириш учун: Ер атмосферасининг қалинлиги Рея атмосферасининг қалинлигидан 5 триллион марта кўп. “Кассини” берган натижаларни олимлар таҳлил қилиб, Реяда кислороднинг бўлиш сабабини аниқлашди. Рея Сатурндан 500 000 километр масофада туриб, унинг атрофида айланганида у Сатурннинг магнитосферасига киради. Сайёранинг кучли магнит майдони музни парчалайди ва ундан кислород ажралиб чиқади. Лекин олимлар йўлдошда кислороднинг мавжудлигини атрофлича тушунтира олган бўлса-да, тўсатдан Реянинг атмосферасида карбонат ангидрид газининг борлиги уларни ҳайратга солди. Атмосферада бу газнинг мавжудлиги йўлдошда ҳаётнинг мавжудлиги ёки унда газ пайдо қилувчи органик муҳитнинг борлигини тақозо этади.
Олимларнинг сўзларига кўра, тахминан шундай шароитлар бир ярим миллиард йил олдин бизнинг сайёрамизда эндигина биринчи бактериялар пайдо бўла бошлаган даврда мавжуд бўлган. Реяда карбонат ангидрид газининг мавжудлиги ажойиб кашфиёт. Ваҳоланки, бу газсиз ва кислородсиз ҳеч жойда ҳаётнинг бўлиши мумкин эмас.
Рея атмосферасида карбонат ангидрид ва кислород борлигига қарамасдан, олимлар бу йўлдошда ҳаёт мавжудлигини тасдиқлашга шошилмаяпти. Чунки йўлдошдаги бошқа шароитлар ҳаёт учун яроқли эмас. У ер жуда ҳам совуқ, суюқ сув мутлақо йўқ.
Тўғри, кўпчилик астрономлар бу йўлдошда ҳаёт бизнинг тушунишимиз бўйича йўқ, деб ҳисоблайди. Тўғрироғи, ҳаёт бу йўлдошда инсониятга ҳозирча номаълум бўлган бошқа шаклда бўлиши ҳам мумкин.
Ортиқ ПАРДАЕВ,
СамДУ профессори, Zarnews.uz учун махсус.