“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилдик
Юртбошимиз ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилдик.
Аввало, корхонамиз тасарруфида алоҳида боғдорчилик ассоциацияси ташкил этдик. Ассоциация ихтиёридаги 600 гектардан зиёд ерда янги токзорлар барпо этиш ишларини бошладик. Бунинг учун мингта оилани қарамоғимизга олиб, шундан 500 дан ортиқ камбағал оилани кооперативга доимий ишга олдик ва янги токзорлар орасини уларга бўлиб бердик. Айни кунларда улар бу майдонларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни бошлади.
Яна 500 оилага қирқ кунда ҳосил олса бўладиган бодринг уруғини тарқатдик. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар қурилиши ишларига 100 кишини ишга олдик.
Муҳими, уларнинг уч ойлик озиқ-овқат таъминоти, дала ва қурилиш объектига келиб-кетиш харажатларини ўзимиз қоплаймиз.
Биз янги иш ўринлари яратиш учун яна бир неча истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Шулардан бири – Самарқанд туманининг тоғли ҳудудида 2 минг гектарлик интенсив боғ барпо этиш лойиҳасидир. Тўлиқ томчилатиб суғориш тизимида ташкил этиладиган боғ лойиҳаси шу йилнинг охиригача амалга оширилади ва бу ерда 2 минг киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Бу эзгу ишларга виждон амри билан, давлатимиз ва халқимиз олдидаги фарзандлик бурчимизни бажариш учун қўл уряпмиз. Чунки давлатимиз шунча имконият яратиб бермаганида, қўллаб-қувватламаганида биз бугун тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўя олмаган, ривожлантиролмаган бўлар эдик.
Шавкат ЖАЛОЛОВ,
Самарқанд туманидаги “Agromir group” директорлар ассоциацияси кенгаши раиси.