Сайлов жараёнида санитария-эпидемиологик хавфсизлик таъминланади
Жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик қизғин давом этмоқда. Айни чора-тадбирлар доирасида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан ҳам сайлов участкалари ҳамда жараёнга алоқадор бошқа манзилларда тизимли санитария тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, округ ҳудудидаги 1112 та сайлов участкасига бошқарманинг шаҳар ва туман бўлимлари малакали мутахассислари бириктирилди. Барча объектларда дезинфексия тадбирлари ўтказилиб, таъминланиши лозим бўлган гигиеник талаблар тўғрисида мутасаддиларга тавсия ва кўрсатмалар берилди. Сайлов участкаларига чегарадош ҳудудларнинг ҳам санитария ҳолати ўрганилиб, атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Мутахассисларимиз томонидан юқоридаги объектлардаги муҳандислик коммуникация тармоқлари, ичимлик суви ва оқова тизимлари, технологик ва совуткич ускуналарининг созлиги, тадбирда иштирок этадиган халқаро кузатувчиларни жойлаштириш манзиллари ҳамда уларнинг овқатланиш рациони белгиланган талабларга жавоб беришини таъминлаш масаласи доимий назоратга олинган. Шунингдек, об-ҳавонинг иссиқлиги муносабати билан қайд этилиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар, хусусан, гуруҳли касаллик тарқалиши ҳамда овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Л.РУСТАМОВ,
вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари,
7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси.