Сайлов комиссияси аъзолари вирусга чалинса қандай йўл тутилади?
Кейинги кунларда вилоятимиздаги баъзи умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчиларида коронавирус аниқланганлиги туфайли ушбу таълим муассасаларида ўқув жараёни вақтинча онлайн таълим тизимига ўтказилмоқда. Ушбу ҳолатда таълим муассасаларидаги участка сайлов комиссиялари қай тартибда иш юритади, комиссия аъзолари орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилса, қандай йўл тутилади, деган саволлар туғилмоқда.
Шу каби саволларга 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Латиф Рустамов жавоб берди.
- Авваламбор шуни айтиш керакки, сайлов компаниясига жалб қилинган сайлов участкаси аъзолари коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмланган, - дейди Л.Рустамов. - Шунингдек, сайлов участкалари жойлашган биноларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Аммо шундай бўлса-да, сайловга тайёргарлик жараёнида тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган комиссия аъзолари (раис, раис ўринбосари, котиб ва бошқа аъзолар) вақтинча иш фаолиятидан четлатилади ва коронавирус инфекциясига навбатсиз лаборатория текширувидан ўтказилади. Бунда, комиссия аъзосига бир иш куни ичида ПЗР-тест таҳлили натижаси такдим этилади.
Комиссия аъзоси сайловга 6 ва ундан кам вақт қолганида коронавирус инфекцияси билан касалланганлиги аниқланса ёки сайлов кунига қадар коронавирус инфекциясидан тузалмаган бўлса, шунингдек, сайлов куни тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган тақдирда тегишинча Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиясининг қарорига асосан комиссия таркибидан чиқарилиши ва янги аъзо (раис, раис ўринбосари, котиби ва бошка аъзоси) комиссия таркибига киритилиши мумкин.
Сайлов комиссиялари аъзоларини ПЗР усули билан коронавирус инфекциясига текшириш зарур бўлганда, бу иш ҳудудларнинг бош давлат санитария врачлари кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширилади.