Сайлов қонунчилиги бузилса, иш судда кўриб чиқилади. Тизимда яна қандай янгиликлар бор?

Жорий йил октябрь ойида мамлакатимизда Президент сайлови бўлиб ўтади. Мазкур жараёнда илк маротаба янги Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқлик ва шаффофлик тамойилларига таянган ҳолда ўтказилиши учун жорий йил 31 майда “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Қонун билан Сайлов кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, манфаатдор шахс сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Илгари юқоридаги ҳолатда судга ёки юқори турувчи сайлов комиссиясига мурожаат қилиш мумкин эди.

Албатта, бунда манфаатдор шахс номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар бўлиши ҳам мумкин.

Шу ўринда савол туғилиши табиий, ўзи сайлов қонунчилигини бузганлик учун қандай жавобгарликлар бор?

Сайловга оид ҳуқуқбузарликлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда алоҳида боб ажратилган. Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик бўлимда 9 та ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Шунингдек, Жиноят кодексида ҳам сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида нормалар мавжуд. Жумладан, Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун, 147-моддасида эса сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Бундан ташқари, Сайлов кодексининг 96-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади. Бу қарор устидан сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиш мумкин.

З.Каримов,

Самарқанд туманлараро маъмурий суди раиси.