Сайловолди дастурда мамлакатимизда фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги мақсадлар аниқ кўрсатилган
Пайариқ туманидаги 17-сон мусиқа ва санъат мактабида “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Муҳиба Бобобекова пайариқлик сайловчилар билан учрашди.
Партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, таълим соҳаси вакиллари, ёшлар, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этган учрашувда номзоднинг ишончли вакили сўзга чиқиб номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот бериб ўтди.
Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури мамлакатимизда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўзаро боғлиқлигининг, фуқаролик жамияти қуриш йўлида мақсадларнинг аниқ кўрсатилганлиги, мақсадларга эришишнинг муайян механизмлари акс этганлиги билан иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Айниқса, Дастурда ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш, бу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиш, умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қилиш борасида белгиланган масалаларни йиғилганлар қизғин қўллаб-қувватладилар.
“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ахборот хизмати.