“Счётчик”ни энди ўзлари қиёсловдан ўтказади

Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва иссиқ сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун мурожаат қилиш талаби бекор қилинган. Эндиликда муддати етган ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш таъминотчи корхоналар зиммасида.

Бу борадаги давлат хизматларини проактив шаклга ўтказиш ўтган йил декабрдаги ҳукумат қарорида белгиланган.

Жисмоний шахслар ҳар 8 йилда, юридик шахслар 4 йилда электр энергияси, газ ва сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиши керак. Аниқроғи, метрология хизмати ҳисоблагич тўғри ишлаяптими-йўқми текширади.
Илгари бунинг учун фуқаролар ва юридик шахслар давлат хизматлари марказига бориб ёки my.gov.uz портали орқали қиёслашдан ўтказиш учун ариза бериши керак эди. Яъни, мажбурият фуқароларнинг ўз бўйнида эди. Энди фуқаро ҳеч қаерга ариза бермайди. Таъминотчи корхонанинг ўзи ҳисоблагичларни кузатиб боради, қиёслашдан ўтказишга 3 ой муддат қолганда ҳар бир хонадон ёки корхонага бориб, ҳисоблагичларни ечиб олиб кетади, қайтариб олиб келиб ўрнатади.

Шу пайтгача амалда бўлган тартибга кўра, ариза берилган пайтда қиёслашдан ўтказиш учун алоҳида тўлов қилинарди. Янги тартиб билан эса ҳисобрақамдаги пул ечиб олинади. Қиёслашдан ўтказиш суммаси ҳозирги кунда жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (75 минг сўм), юридик шахслар учун БҲМнинг 1,5 баробари (562 500 сўм) ҳисобланади.

Агар ҳисобрақамда етарлича пул бўлмаса, қарзга ёзилади ва пул тўлаганингизда ечиб олинади.
Таъминотчи корхона ходими хонадонга борганида уйда ҳеч ким бўлмаса ва ҳисоблагични олиб кета олмаса, таъминотчи корхона далолатнома тузади ва уни почта орқали юборади. Шундан кейин сиз ариза топширишга мажбур бўласиз ва давлат хизматлари марказига мурожаат қилишингиз керак.