Сессия шунчаки ўтказиладиган мажлис эмас 

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қирқ саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди. 

Сессияда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов иштирок этди ва парламент юқори палатасининг яқинда ўтказилган йигирма биринчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар ҳақида маълумот берди. 

Шундан сўнг сессия кун тартиби бўйича вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг янгиланган ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил тўртинчи чорак даромадлари ва харажатларини кўпайтириш, Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Паст Дарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманларининг мавжуд маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди. 

Вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланиб, вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи "вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи" деб номланди. 

Самарқанд шаҳри миллионли шаҳарга айланиши ва ҳудудда туманлар ташкил этилиши муносабати билан халқ депутатлари Самарқанд шаҳар, Оқдарё, Паст Дарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманлари Кенгашлари қарорлари билан мазкур маъмурий ҳудудлар чегараларига ўзгартириш киритилмоқда. Бу қарорлар маълумот учун қабул қилинди ва вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.      

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бўшаб қолган 40-Улус сайлов округида депутат сайлови 2021 йил 26 декабрь куни ўтказилиши белгиланди. 

Сессия кун тартибига киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан вилоят ҳокимлиги ижро назорати гуруҳи раҳбари З.Раҳимов ҳисобот берди. 

Таъкидланишича, Ijro.gov.uz тизимининг “технологик занжири” орқали шу кунга қадар Самарқанд вилоятига жами 917 та ҳужжатлар асосида 6336 та топшириқлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 4 599 таси ижроси таъминланган, 1734 та бажарилиш жараёнида, 3 та топшириқ ўз вақтида бажарилмаган. Сессия қарори билан мазкур топшириқлар ижросига эътиборсиз қараган туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, тегишли бошқармалар бошлиқ ва ўринбосарларига нисбатан тегишли интизомий чоралар қўлланилиши белгиланди.  

Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаровнинг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботи депутатлар томонидан қабул қилинмади. 

Туман ҳокими ва сектор раҳбарлари ҳисобот беришга тайёрланиб келмагани сабабли ушбу масалани кейинги сессияларда қайта кўриладиган бўлди. 

Шундан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов 2021 йил 10 ойи давомида вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди. 

Қайд этилишича, ҳисобот даврида вилоятдаги 1114 та маҳалланинг 428 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 254 тасида жиноятлар сони барқарор сақланди ва камайди, 432 тасида эса жиноятлар ошган. 686 маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилган. 10 ой давомида вилоят ҳудудида 5317 та жиноят қайд этилди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1830 тага кўп демакдир. 

Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ 825 та жиноят қайд этилган. Бу ҳолатларнинг 336 таси транспорт воситаси тезлигини ошириш, 104 таси қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, 54 таси транспорт воситасини бошқариш пайтида ухлаб қолиш оқибатида юзага келган. Энг ачинарлиси, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 235 тани ташкил этмоқда. 

Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ 543 та жиноий ҳолат аниқланиб, 173 килограмм 159 граммдан ортиқ гиёҳванд моддалари далилий ашё тариқасида олинди.

Жиноятга имкон берадиган омилларни бартараф этиш, жиноятга мойил шахсларни тарбиялашда жамоатчилик имкониятларидан фойдаланиш, жамоавий муҳокамаларни кенг татбиқ этиш мақсадида вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузурида “Жамоатчилик кенгаши” тажриба тариқасида ташкил этилганди. Бу тизим бугун ўз самарасини бермоқда. Ҳозирги кунга қадар вилоятнинг 381 маҳалласидаги “Жамоатчилик кенгаши” таклифлари тергов органига киритилган бўлиб, улар асосида жиноят содир этган 381 нафар шахс жавобгарликдан озод этилди. 

Депутатлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш юзасидан профилактик ишларни кучайтириш, жамоатчилик назоратидан самарали фойдаланиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. 

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Бош вазирнинг вилоятдаги қабулхонаси раҳбари С.Пардаев бетоб бўлиб қолгани сабабли унинг секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳам кейинги сессияларда эшитишга қарор қилинди. 

Вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов вилоятда 2021 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги имкониятлар тўғрисида ҳисобот берди. 

Бошқарма бошлиғининг айтишича, жорий йилнинг 10 ойи давомида 25 минг 515 та лойиҳада 39 минг 322 та янги иш ўрни яратилди. Биргина якка тартибдаги тадбиркорликни, жумладан, ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига 15 минг 267 та иш ўрни ташкил этилди. Бундан ташқари, меҳнат органларига мурожаат қилган 33,8 минг нафар ишсизлар доимий ишга жойлаштирилди. 12,4 минг нафар ишсиз фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, уларга 13,1 миллиард сўм иш ҳақи тўлаб берилди. 887 нафар ишсиз фуқаро кооперативлар аъзолигига бириктирилиб, 859,7 миллиард сўм субсидия ажратилди. 740 нафар ишсиз ва камбағал тоифадаги оилаларга шахсий томорқасидан фойдаланиш учун 3,1 миллиард сўм субсидия берилди. 7462 нафар ишсиз фуқаро касбга ўқитилди. Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 24 минг 908 та жисмоний ва юридик шахсларга 648,4 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. 

Ушбу тадбирлар натижасида ишсизлик даражасини йил бошига нисбатан 1,3 фоизга қисқартиришга эришилди. 

Мазкур масала муҳокамаси чоғида аҳоли ишсизлик даражасини аниқлашда аниқ ҳисоб-китобнинг йўқлиги, бу борада маҳаллабай, уйма-уй юриш тизимидан фойдаланилмаётгани таъкидланди. Бу борада бошқарма ва масъуллар олдига вазифалар қўйилди. 

– Кенгаш вилоятнинг энг юқори органи, вилоятдаги барча раҳбарлар унинг олдида ҳисобдор, – деди Э.Турдимов. – Кенгаш сессиясида айтилган, муҳокама қилинган ҳар бир масаланинг натижаси, таъсири бўлиши керак. Сессия шунчаки ўтказиладиган мажлис эмас. 

Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.