Сеулда комага тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросига 157 000 доллар бадал пули тўланди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси Сеул шаҳрида ишлаб чиқариш жараёнида бахтсиз ҳодисага учраган Абрам Оқиловга суғурта бадали беришни бошлади.
29 апрель ҳолатига кўра, шифохона харажатлари ва меҳнат лаёқати йўқотилгани учун суғурта компанияси томонидан 157 000 АҚШ доллари миқдорида бадал пули ва 2018 йил июлидан ноябргача бўлган иш ҳақининг 70 фоизи тўланди.
Бундан ташқари, Абрам Оқиловнинг акасига Кореяда бўлган даври учун сарфлаган харажатларини қоплаш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Айни пайтда Абрам Оқиловни Ўзбекистонга транспортировка қилиш учун шифохонанинг чиқиш рухсатномасини бериши кутилмоқда. Рухсатнома олиниши билан бемор Ўзбекистонга олиб келинади.
Маълумот учун: Абрам Оқилов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали 2017-йилнинг ноябрида Жанубий Кореяга келган ва 2018-йилнинг 27-июл куни комага тушиб қолган эди.