Шаффоф баҳолаш тизими талабаларга нима беради?

Самарқанд давлат университети проректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Аҳмаджон Солиев университетда жорий этилган талабалар билимини баҳолашнинг адолатли ва шаффоф, жумладан, муайян фан ўқитувчисининг якуний назоратда иштирок этмаслигини кўзда тутувчи тизим самараси ҳақида фикр юритди.

- Бугунги кунда Самарқанд давлат университетида 30 минг нафарга яқин талаба таҳсил олиб, уларга 1000 нафарга яқин профессор-ўқитувчи устозлик қиляпти, - дейди А.Солеев. - Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида олий таълимнинг қамрови ва сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифаларни белгилаб берди. Мурожаатномада таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада олий ўқув юртлари ректорлари, профессор ва ўқитувчилари таълим жараёнларида фаол бўлиши, янги, илғор усулларни жорий қилиши кераклиги таъкидланди.

Замон талабига жавоб берувчи мутахассисларни тайёрлаш ҳар бир олий таълим муассасасининг бирламчи вазифаси ҳисобланади. Бу эса ўқув жараёнига замонавий ахборот-коммуникацияларни, инновацион педагогик технологияларни ва талабалар билимини адолатли ҳамда шаффоф баҳолаш мезонларини самарали татбиқ этишни тақозо қилади.

Бугун мамлакатимиз олий таълим муассасаларида жорий қилинган кредит-модуль тизими талабалар билимини тўлиқ баҳолашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, кредит-модуль тамойилида иккита асосий масалага аҳамият берилади. Булар талабаларнинг мустақил ишлашини таъминлаш ва улар билимини адолатли, шаффоф мезонлар асосида баҳолашдир.

Кейинги йилларда университетимизда талабаларнинг фанларни мустақил ўзлаштириши учун етарлича шароитлар яратилди, услубий таъминот яхшиланди. Бироқ талабани ўз устида мустақил ишлашга ўргатишда бу чора-тадбирлар етарли эмаслиги кўзга ташланиб қоляпти. Шу боис талабалар билимини баҳолаш мезонлари муайян фан бўйича мустақил ишни бажариш орқали эришиладиган натижа эканини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқишни тақозо қилади. Бунда ҳар бир талаба ўзлаштириши керак бўлган фанлардан мустақил таълим топшириқлари билан таъминланиши лозим. Муҳими, бу топшириқлар аниқ мезонлар — ўз вақтида, назарий ва амалий билимларга асосланган ҳолда бажарилганига қараб баҳоланиши шарт.

Талабанинг мустақил ишлашидан асосий мақсад — унда ўқитувчининг раҳбарлиги ва назорати остида муайян ўқув ишларини мустақил равишда бажариш учун билим, кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантиришдир. Назарий мавзуларни ўқув адабиётлари ёрдамида мустақил ўзлаштириш, берилган мавзулар бўйича ахборот, реферат, тақдимот тайёрлаш, билимларни амалиётда қўллаш, махсус адабиётлар бўйича фаннинг бўлим ёки мавзулари устида ишлаш талабада етарли малака шаклланишига олиб келади.

Одатда кўпгина олий таълим муассасаларида мустақил таълим амалий машғулотларга тайёргарлик ҳамда мавзу бўйича реферат тайёрлаш тарзида тақсимланади. Мустақил таълимнинг мавзу ҳамда саволлари фаннинг бошланиш даврида тақсимланиши, топширилиш муддатлари фанлар кесимида аниқ белгиланиши зарур. Чунки бир неча фанлардан мустақил таълим топшириғини олган талаба семестр охирида уларни сифатли топшириши имконсиз эканининг гувоҳи бўляпмиз. Кўп ҳолларда эса интернетдан олинган “тайёр” рефератлар ўқитувчи қўлига келиб тушмоқда. Ва бу ҳолат талабани адолатли баҳолаш мезонига тўсиқ бўлиши шубҳасиз. Топшириқлар семестр охирида йиғилиб, талабалар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган билим сифатига таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли билимни назорат қилиш ва баҳолаш мезонлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, семестр давомида балл юкини тенг тақсимлаш керак. Бунинг учун фан хусусиятлари инобатга олиниб, лозим топилса, ўқитувчига тизимга керакли ўзгартириш ва қўшимчаларни қўшиш имконини бериш зарур.

Амалий машғулотлар давомида муҳокама қилинган, тадқиқ этилган мустақил иш саволлари жавоби эссе, кейс ечими, лойиҳа ва рефератлар тарзида бажарилиб, ўқитувчига топширилса, мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Амалий машғулотларда мустақил ишларнинг муҳокама этилиши берилган топшириқларнинг бажарилиш жараёни, талабанинг бу вазифа юзасидан компетентлиги, салоҳиятини аниқлаш имконини беради. Шу билан бирга, талаба ўзи учун керакли йўл-йўриқларни ўқитувчидан сўраб олиши мумкин. Муайян балл билан баҳоланадиган оралиқ назоратларга тўхталадиган бўлсак, агар мисол ёки масала бўлса, маъқул синов воситасидир, лекин назарий саволларни бу йўл билан текшириш ҳам маънавий эскирган, ҳам моддий жиҳатдан кўп меҳнат талаб қиладиган жараён саналади. Биз мустақил таълим оралиқ назорат сифатида баҳоланиб, унга умумий баллнинг 20-30 фоизини ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Олий таълимда талабалар билимини самарали баҳолашни доимий такомиллаштириб бориш долзарб вазифа ҳисобланади. Бунда таълим йўналишлари, фанлар хусусияти, мутахассислик талабларини ҳисобга олиш айниқса муҳим. Мутахассислик хусусиятларига қараб, баъзи фанларни баҳолаш жараёнини соддалаштириш мумкин. Синов, мустақил иш, ёзма иш, тест синови ва оғзаки имтиҳон каби баҳолаш турлари билан курсни якунлашни жорий қилиш талабаларнинг мутахассислик фанларини чуқур, самарали ўзлаштиришларига замин яратади. Якуний назоратни фан турига қараб, ёзма, оғзаки шаклда ва инсон омилидан холи ташкил этиш таълим сифатини оширади.

Университетимизда талабалар билимини назорат қилиш тартиби, баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган ва ўқув жараёнига жорий этилган. Мазкур низом давлат таълим стандартларига мувофиқ талабаларда тегишли билим, кўникма ва малака шаклланганлиги даражасини назорат ва таҳлил қилиб бориш, касбий компетенциясини шакллантириш, уни доимий равишда ошириш имконини беради. Шунингдек, янги билимларни мустақил эгаллай билиш, ўз устида ишлаш, эгаллаган билимлари асосида мустақил фикр-мушоҳада юритиш ҳамда маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиради.

Дунёнинг етакчи хорижий ОТМларида талабалар бир семестрда 3-4 фандан имтиҳон топширади. Бу, ўз навбатида, талаба ушбу фанларни мустаҳкам ўрганиши ва ўзлаштириши учун кенг имконият яратади. Мамлакатимиз ОТМларида эса бир семестрда якуний имтиҳон топшириладиган фанлар сони ўртача 7-9 тани ташкил этади. Шунингдек, аттестация учун ажратилган муддатнинг қисқалиги (2018-2019, 2019-2020 ўқув йилларида аттестация учун икки ҳафта муддат ажратилган) сабабли имтиҳонлар ҳар икки кун оралиғи билан ўтказилади. Табиийки, бу ҳолат бизнинг талабалардан икки карра кўп ўқиш ва изланиш талаб қилади.

Эндиликда талабалардан ўқув режадаги фанларни шунчаки ўрганишни талаб қилиш эмас, балки ўқув режага “оз ва соз” фанларни киритиш ҳамда улар ёрдамида бўлғуси кадрларни ўз соҳасининг билимли ва сифатли мутахассиси бўлиб етишишига эришишимиз лозим. Ҳақиқатан, адолатли баҳолаш тизими орқали талабанинг билими ва касбий компетенциясини аниқлаш — таълим сифатини кўрсатувчи ягона омилдир. Шунинг учун объектив баҳолаш тизимини яратиш ва уни мукаммаллаштириб бориш университетимизнинг асосий вазифалари сирасига киради.

Кейинги йилларда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида олий ўқув юртимизга хорижлик етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, талаба-ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия бериш йўлга қўйилди. Ўз навбатида, профессор-ўқитувчиларимиз тажриба орттириш мақсадида Жанубий Корея, Франция, Англия, Исроил, АҚШ, Италия, Хитой, Япония ва бошқа мамлакатларда бўлди. Шунингдек, таълим сифатини оширишда ўқув адабиётлари билан етарли даражада таъминлаш ва уларнинг янги авлодини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Кейинги икки-уч йилда университет профессор-ўқитувчилари томонидан 350 номдаги ўқув қўлланма, дарслик, монография нашр этилди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, таълим тизими коррупциядан холи бўлмаган, талабаларининг билими адолатли, шаффоф, холис баҳоланмайдиган мамлакат охир-оқибат таназзулга юз тутади.

Илгари ҳар қадамда учраб турадиган, ўқишга киритиб қўядиган “шоввозлар”нинг бугун турли-туман найранглари ўтмай қолди. Афсуски, авваллари кафедрага 0,25 штат бирлигида ишга жойлашиб, йил бўйи абитуриент овлайдиган “танкалар” кўпайиб кетган эди. Ҳамма нарсани пулга чаққанлари боис, улар ўртаҳол ўқитувчиларни, ҳатто профессорларни ҳам менсимас, данғиллама ҳовли-жой қуриб, йилига 2-3 та янги автомобиль алмаштирар эди. Пора ва қинғирликнинг ҳар қандай кўринишидан чўчимайдиган бундай кимсаларни кўриб, олий таълимнинг келажагидан қаттиқ изтироб чеккан ва умидсизликка тушган пайтларимиз ҳам бўлган.

Шукрки, кейинги йилларда, биринчи навбатда, жамият танасига чуқур илдиз отган коррупцияни қуритишга бел боғланди. Муҳими, бу ўзгаришлар соҳанинг ҳақиқий жонкуярлари кўнглини кўтарди, таълимни коррупциядан тозалаш даври келганининг ўзига хос нишонаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада ўқишга киришда коррупцияга барҳам берилганини, аммо олий таълим муассасалари ичидаги коррупция ҳали ҳам сақланиб қолаётганини урғулаб, унга қарши муттасил ва тизимли курашиш зарурлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, кейинги йилларда ўқишга киришда ҳужжатни онлайн қабул қилишдан бошлаб, барча жараёнлар Давлат тест маркази томонидан шаффоф тарзда амалга оширилмоқда. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари эътирозига сабаб бўлган касбий (ижодий) имтиҳонлардаги ноҳақликлар бартараф этилиб, коррупцион ҳолатларнинг олди олинди. Университетимизда ректоримиз Рустам Холмуродов ташаббуси билан республикада биринчилардан бўлиб, талабалар билимини баҳолашнинг адолатли ва шаффоф, жумладан, муайян фан ўқитувчисининг якуний назоратда иштирок этмаслигини кўзда тутувчи тизим жорий этилди.

Якуний назорат ва баҳолашни махсус ташкил этилган «Талабалар билимини баҳолаш» бўлими бошқарадиган, назорат саволларининг вариантлари ҳам шу ерда тузиладиган бўлди. Бу жараёндаги шаффофлик шу даражадаки, талабалар якуний имтиҳонни факультет ўқитувчиларининг иштирокисиз, талабалар билимини баҳолаш бўлими ходимлари назорати ҳамда махсус камералар кузатуви остида топширади. Ёзма ишлар бошқа ОТМга юборилиб, бевосита уларнинг профессор-ўқитувчилари томонидан холис баҳоланади. Бу борада республикамизнинг 10 дан ортиқ ОТМлари билан шартнома имзоланган. Саъй-ҳаракатлар қисқа фурсатда ўз самарасини бера бошлади. Ҳукуматимиз томонидан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига кўрсатилган ғамхўрлик, хусусан, иш ҳақининг сезиларли ошгани ҳам бунга ўз таъсирини ўтказди.

Айни пайтда университетимизда талабалар билимини назорат қилишнинг адолатли тизимини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. Профессор-ўқитувчиларимиз бундан кейин ҳам мамлакатимиз манфаатлари йўлида юқори малакали, юксак салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш ва меҳнат бозорини рақобатбардош сифатли кадрлар билан таъминлашга бор билим, куч ва салоҳиятини сафарбар этаверади.