Шандун провинциясида Самарқанд вилоятининг "Савдо ва хизмат кўрсатиш алоқа ваколатхонаси” ташкил этилади

Вилоятимиз тадбиркорларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасининг Жинан шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турибди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Ҳамроев бошчилигидаги делегация аъзолари дастлаб Шандун провинцияси Ташқи ишлар концелярияси ҳамда Енгил саноат жамоавий корхоналар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазма билан танишди.
Кўргазмада енгил саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалик ҳамда йўл қурилиш техникалари ва замонавий IT технологиялари намойиш этилди.

Кўргазма давомида мазкур маҳсулотларни Самарқандда ишлаб чиқариш юзасидан таклифлар билдирилди ҳамда мавжуд ресурслар ва ишлаб чиқариш имкониятлари кенг муҳокама қилинди.
Шундан кейин “Шандун кичик ва ўрта корхоналари ва Самарқанд вилояти тадбиркорлари форуми” бўлиб ўтди.

Ҳудудлар ўртасида бизнес соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестицияларни жалб қилиш ва савдо алоқаларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган форумда ҳар иккала томон ҳукумат вакиллари, тадбиркорлар, мутахассислар томонидан бизнес муҳит, инвестиция имкониятлари, технологиялар ва саноат тармоқлари ҳақида тақдимот ва маърузалар қилинди.

Шунингдек, форум доирасида Самарқанд вилояти инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси ҳамда Шандун енгил саноат жамоавий корхоналар уюшмаси ўртасида “Самарқанд вилоятининг Шандун провинциясидаги Савдо ва хизмат кўрсатиш алоқа ваколатхонаси” ташкил этиш юзасидан келишув имзоланди.
Форум якунида икки томонлама манфаатли келишувлар ва янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида B2B учрашувлари бўлиб ўтди.