Шароити оғир оилаларни ўқитиш, иш бошлаши учун ер, кредит, субсидия олиб бериш: Президент ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаларини айтди

Президент раислигида ўтказилган йиғилишда "маҳаллабай" ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар бермоқда.

Жумладан, янги йилдан 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлади ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилди.

Ушбу тизимга масъул бўлган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилиб, барча масалалар ечиб берилди.

Эндиликда ҳоким ёрдамчилари, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш масалалари билан шуғулланади.

Ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, одамларга давлат томонидан яратилган молиявий имкониятларни етказиши, тадбиркорликка ва деҳқончиликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариши лозим.

Бу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия ажратилади (ҳар бир маҳаллага ўртача 1,3 миллиард сўм).