“Шарқ тароналари”га тайёргарлик жараёнлари қандай бўляпти?

26-30 август кунлари Самарқандда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Айни пайтда фестивалга тайёгарлик ишлари ва очилиш маросимига репетиция жараёнлари қизғин давом этяпти.

Регистон майдонида юртимизнинг таниқли режиссёр, актёр ва санъат усталари томонидан очилиш маросими дастури тайёрланмоқда.

- Пандемия сабабли бир неча йил тўхтаб қолган мазкур фестивални кўпчилик соғинган эди, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев. – Мана, халқаро санъат байрами яна ҳамиша навқирон ва кўҳна кентга қайтди.  Ўзим “Шарқ тароналари”нинг X, XI, XII фестивалларида бошловчилик қилганман. Бу йил эса тадбирнинг очилиш маросимида тарихий шахсларнинг сиймосини яратишда иштирок этяпман.

Тайёргарлик жараёнларига жалб этилган таниқли санъаткорлар, актёрлар ва бошқа иштирокчилар билан биргаликда меҳнат қиляпмиз. Бу йил ҳам юртимиз тарихи, маданияти ва санъатини дунёга намойиш этамиз.

Режиссёрларнинг таъкидлашича, фестивалнинг очилиш маросимини юқори даражада ўтказиш мақсадида 650 нафардан зиёд иштирокчи тайёргарлик жараёнларида қатнашмоқда.