“Шарқ тароналари” фестивалида мамлакатимиз номидан кимлар иштирок этади?
26-30 август кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалида Ўзбекистон номидан иштирок этувчи ижодкорларни аниқлаш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан эълон қилинган республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган танловда 18 ва ундан катта ёшдаги 60 нафарга яқин ижодкор тўрт йўналишда маҳоратини синовдан ўтказди. Ҳар бир иштирокчи ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ва биринчи ўринни эгаллаган 4 нафар иштирокчи фестивалда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси йўналишида ғолиблик Тошкент шаҳридаги “Мақом бенд” жамоаси ва Ўзбекистон давлат симфоник оркестр қошидаги миллий мумтоз ансамблига насиб этди. Профессионал (классик) даражадаги халқ қўшиғи йўналишида навоийлик Шерзод Мардонов, замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа йўналишида най созида Ўзбекистон давлат симфоник оркестр қошидаги миллий мумтоз ансамбли вакили Тоштемур Шукруллаев ҳамда замонавий композиторлар томонидан яратилган қўшиқ йўналишида бухоролик Гулчирой Бахшиллоева ғолиб бўлди.