“Шарқ тароналари”: Фестивалда дастлаб нечта давлат вакиллари қатнашган, Гран-при совринини юртимиздан кимлар олган?

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали Марказий Осиёдаги энг катта фестиваллардан бири бўлиб, йилдан-йилга қатнашиш истагини билдираётган давлатлар сони ортиб боряпти.

Жумладан, 1997 йилдан буён Самарқандда ўтказиб келинаётган фестивалда илк марта 31 та давлатдан мусиқий гуруҳ ва ижрочилар ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда ўтказилган “Шарқ тароналари” ХII халқаро мусиқа фестивалида иштирокчи давлатлар сони 75 тага етган. Шу йил 26-30 август кунлари ўтказиладиган фестивалда эса 80 га яқин мамлакатдан 300 нафардан зиёд иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

Шу пайтга қадар 12 бор ўтказилган фестивалда Гран-при совринини қайси давлат вакиллари қўлга киритган? Ўзбекистонликлар бу совринга неча марта сазовор бўлган?

1997 йилда Симара Иманова – Озарбайжон
1999 йилда Насиба Сатторова – Ўзбекистон
2001 йилда Гран-при соврини берилмаган
2003 йилда “Уранҳай” ансамбли – Россия (Тува Республикаси)
2005 йилда Гран-при соврини берилмаган
2007 йилда “Қувайт” мусиқа гуруҳи – Қувайт
2009 йилда Туркманистонда хизмат кўрсатган артист Лале Бегназарова - Туркманистон
2011 йилда "Лидер" мусиқий гуруҳи – Россия
2013 йилда Рашмия Агарвал –Ҳиндистон
2015 йилда "Жиангсу" аёллар оркестри – Хитой
2017 йилда Соҳиб Пошшазода – Озарбайжон
2019 йилда Меҳринигор Абдурашидова – Ўзбекистон

Эслатиб ўтамиз: Гран-при совринининг мукофот жамғармаси 10 минг АҚШ доллари.