“Шарқ тароналари” Регистонда ўтказилади
ЮНЕСКО шафелигида 1997 йилдан буён ҳар икки йилда Самарқандда ўтказиб келинаётган анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўн учинчи марта мусиқа тингловчилар эътиборига ҳавола этилади.
Олдинроқ фестиваль жорий йилнинг 26-30 август кунлари Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида илк бор ўтказилиши айтилган эди. Бироқ фестиваль яна Регистон майдонига кўчди.
Хабар қилганимиздек, фестивалга тайёргарлик жараёнлари, ташкилий масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов ва бошқа масъуллар бу ҳақда кенг жамоатчилик ва ОАВ вакилларига маълумот берди.
- “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали 1997 йилдан буён Регистон майдонида ўтказиб келинади, - деди Р.Қобилов. – Ўн учинчи марта ўтказиладиган мазкур фестиваль жорий йил нуфузли тадбирларга мезбонлик қилиб келаётган Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказиш режалаштирилган эди. Аммо фестивалга қатнашиш истагини билдирган иштирокчи давлатлар вакилларининг таклифи ва хоҳишига кўра, фестиваль яна қадимий тарихга эга Регистон майдонида ўтказиладиган бўлди. Айтиш жоизки, Самарқандга келадиган ҳар бир хорижлик қадимий ёдгорлик ва обидаларни кўришни, зиёрат қилишни хоҳлайди. Қолаверса, фестивалнинг Регистонда ўтказилишига кўпчилик мамлакат созанда ва хонандалари кўникиб бўлишган. Шу боис бу йил ҳам фестиваль учун Регистон майдони танланди. Мажмуага зиён етишига келсак, Маданий мерос агентлиги мутахассислари билан биргаликда жараённи қандай ташкил этиш масаласи ўрганилмоқда.
Регистон майдонида фестивалнинг фақат асосий тадбири ўтказилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳри, Самарқанд Пайариқ, Оқдарё ва Паст Дарғом туманларида ҳам дунё халқлари куй-қўшиқлари, дўстлик, ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мадҳ этувчи маданий тадбирлар ҳамда миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилади.
Матбуот анжуманида ўн учинчи халқаро мусиқа фестивалида дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафардан зиёд вакил қатнашиши кутилаётгани ва меҳмонларни кутиб олиш ҳамда фестиваль доирасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
- Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш мақсадида республикада ва Самарқанд шаҳрида Маданият вазирлигининг штаби фаолият кўрсатмоқда, - дейди Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов. - Шунингдек, ижодий гуруҳлар, волонтёрлар билан ишлаш, меҳмонларни кутиб олиш бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ҳам ташкил этилган. Айни пайтда репетиция жараёнлари давом этмоқда. 26 август куни фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтса, 27-28-29 август кунлари фестивалга ташриф буюрган иштирокчилар ўртасида кўрик-танлов ўтказилиб, халқаро ҳайъат томонидан танлов иштирокчиларининг чиқишлари профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ ҳамда замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа ва қўшиқ йўналишларида баҳолаб борилади. Танлов ғолиб ва сориндорлари 30 август куни тақдирланади.
- 27-28 август кунлари фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади, - дейди Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори вазифасини бажарувчи Элдор Шерманов. – Унда мусиқашунос олимлар, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мусиқий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчи-докторант ва магистрантлар иштирок этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, конференция одатдагидек ялпи мажлисдан иборат бўлмайди. Уч шуъбага бўлинган ҳолда миллий қўшиқлар, мақом намуналари ижро этилади. Бундан ташқари, конференция доирасида илк бор Туркий давлатлар ташкилоти қошидаги Турк дунёси санъат ва мусиқа университетлари иттифоқининг йиғилиши ўтказилади ва ушбу университетлар ректорлари Самарқандга келиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида фестивалга хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиш, уларнинг тадбирларда қатнашиши учун зарур шароитларни яратилиши ҳамда матбуот маркази ташкил этилиши маълум қилинди.
Фазлиддин Рўзибоев.