Саудия ОАВ: "Шарқ тароналари" нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳон миқёсидаги машҳур фестиваллар қаторидан жой олиб улгурди
Саудия Арабистонининг "Neprass News" электрон нашрида "Самарқанд шаҳрида "Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади" сарлавҳали мақола эълон қилинди.
"ЮНEСКО шафелигида 26-30 август кунлари "Ер юзининг сайқали" деб ном олган қадимий ва бетакрор Самарқандда "Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади", – деб маълум қилган электрон нашр.
"Шарқ тароналари" Марказий Осиёдаги энг катта фестиваллардан бири саналади. Фестиваль ўтказилишидан асосий мақсад миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни кенг оммага татбиқ қилиш, миллатларнинг маданият ва анъаналарини асраш ва ривожлантириш, созандалик ва хонандалик йўналишидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ижодий алоқаларни кенгайтириш, тинчлик, дўстлик ва ўзаро бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишдан иборат.
1997 йилда илк маротаба ўтказилган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалида 31 та давлатдан мусиқий гуруҳлар ва ижрочилар ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда ўтказилган XII "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалида иштирокчи давлатлар сони 75 тага етган.
Таъкидланганидек, "Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивалида дунёнинг 70 га яқин мамлакатларидан 300 нафардан зиёд вакил қатнашиши кутилмоқда.
Бугунга келиб "Шарқ тароналари" нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳон миқёсидаги машҳур фестиваллар қаторидан жой олиб улгурди. Бунинг ёрқин мисолини йилдан-йилга қатнашчилар ва фестивалда қатнашиш истагини билдираётган давлатлар сонининг ошишида, дастур савиясининг юқорилаб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин, деб қайд этилган материалда.
"Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивали доирасида, шунингдек, "Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Унда мусиқашунос олимлар, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мусиқий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчи-докторант ва магистрантлар иштирок этишлари кутилмоқда", – деб ёзган Саудия ОАВ.