“Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари”
Самарқанд халқаро туристик марказида шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бошланди.
"Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивали доирасида ўтказилаётган мазкур анжуманда 32 та хорижий давлатдан 50 нафардан зиёд мусиқашунос, фольклоршунос ва маданиятшунос олимлар, шунингдек, нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари ва илмий-ижодий марказлар раҳбарлари қатнашмоқда.
Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази директори ўринбосари Хосаграхар Жоти Висвесвария, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султан Раев, Туркий маданий ва мерос фонди президенти Актоти Раимқулова, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров иштирок этяпти.
Конференция давомида соҳа мутахассислари томонидан миллий мусиқа санъатини туркий давлатлар мусиқа маданияти билан уйғунлаштириш, инновацион таълим технологияларини кенг жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинади. Шу билан бирга, ТУРКСОЙ қошидаги “Туркий давлатлар санъат университетлари иттифоқи” резолюцияси қабул қилиниши ва турли давлатлар олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши режалаштирилган.