Шавкат Мирзиёев: "Самарқандда сунъий интеллект бўйича конференция ўтказишни таклиф қиламан"
Келгуси йил Ўзбекистонда шахмат ва футбол бўйича ёшлар жамоалари ўртасида МДҲ очиқ кубоги мусобақалари ҳам ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Москвада МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида навбатдаги конференцияни Самарқанд шаҳрида сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказишни таклиф этди.
Мирзиёев ўз нутқида ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишида биргаликдаги фаолиятни кучайтириш устувор вазифа эканини қайд этди. Билдирилишича, Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 16 фоизга ошган.
Президент, шунингдек, келгуси йил баҳорида Тошкент шаҳрида "Иннопром" халқаро саноат кўргазмаси доирасида МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилиши ва Инновацион ривожланиш форумини ўтказишни таклиф этди.
Яқинда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг Тошкент конференцияси натижаларини ҳисобга олган ҳолда, узоқ муддатли шерикликнинг янги устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Хусусан, интернет технологиялари ва "катта маълумотлар" индустриясини ривожлантириш, рақамли ечимларни жадал жорий этиш, креатив иқтисодиёт, яшил энергетика ва ядро технологиялари, иқлим муаммолари ва бошқалар шулар жумласидан.
Гуманитар алмашинувларни кенгайтириш мақсадида Ҳамдўстлик давлатлари маданияти кунларини ўтказиш таклиф қилинди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, таълим, санъат, кино, туризм ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар дастурини ҳар йили тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Самарқанд ва Тошкентни тегишлича Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти ва ёшлар пойтахти деб эълон қилиниши доирасидаги лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Бундан ташқари, келгуси йилда Ўзбекистонда шахмат ва футбол бўйича ёшлар жамоалари ўртасида МДҲ очиқ кубоги мусобақалари ўтказилади.