Шавкат Воҳидов ким эди?
Бугун Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқаро аэрокосмик мактаби билан ҳамкорликда атоқли олим, академик Шавкат Воҳидовнинг 90 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Фанлар академияси, Россия космонавтика академияси, Халқаро муҳандислик академияси академиги Шавкат Воҳидов Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. Ш.Воҳидов Ядро физикаси ва космик муҳандислик соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Халқаро инженерлик академияси, Россия Космонавтика академиясининг академиги, физика-математика Фанлар доктори, профессори эди. Шавкат Воҳидов физика фанининг, шу жумладан, қаттиқ жисмлар физикаси, космонавтика ва асбобсозлик ривожига катта ҳисса қўшган олим эди. Унинг илмий ишлари Халқаро илмий жамоатчилик орасида эътироф этилган ва юксак баҳоланган.
Шавкат Воҳидов физика ва космонавтика соҳасида етук мутахассис, моҳир педагог ва ўз соҳасининг тарғиботчиси бўлиши билан бирга, мумтоз адабиёт, тарихимизнинг ҳам билимдони, жонкуярларидан эди. У машҳур шоирлардан Сипандии Самарқандий, Тамҳид Самарқандий ва бошқа шоирлар ижодини батафсил таҳлил этиб, уларнинг ҳали маълум бўлмаган кўплаб ғазаллари, мухаммасларини йиғиб, китоб ҳолида чоп эттирди.
ХIX аср охири ва ХХ аср бошларида Марказий Осиёда, хусусан, Самарқанд шаҳрида мавжуд бўлган хаттотлик санъати ҳақида махсус изланишлар олиб бориб, ўз даврининг машҳур ижодкорлари, бугунги кунда унутилиб кетган алломалар – Мулло Муҳаммад Зарринқалам ва Тамҳид Самарқандийни халқимизга танитишга муваффақ бўлган эди.
Камтарин, заҳматкаш ва фидойи инсон бўлган Шавкат Воҳидов 6 та монография, 280 дан ортиқ илмий ишлар, 64 та ихтиро муаллифи. Мазкур илмий ишларнинг аксарият қисми хорижда нашр этилган ва патентланган. Академик Воҳидов мамлакатимиз ва МДҲ, АҚШ, Венгрия, Болгария, Покистон, Малайзия, Туркия, Эрон ва бошқа давлатлардаги халқаро илмий анжуманларда қатнашган. Бир қатор монографиялар ва илмий тўпламларга муҳаррирлик қилган.
Ш.Воҳидов кўплаб фан докторлари, фан номзодлари, магистр ва бакалаврлар тайёрлаган. Кўплаб номзодлик ва докторлик илмий даражалари олиш учун қилинган ҳимояларда расмий оппонент сифатида иштирок этган.
Олимнинг илмий ишлари қаттиқ жисмлар физикаси, космонавтика, спектроскопия, кристаллография, радиотехника ва алоқа, асбобсозликка оиддир. Воҳидов раҳбарлигида орбитадаги сунъий йўлдошларга метеорлар, фазодаги чиқиндилар ёки махсус жисмлар билан таъсир кўрсатилганда шу ҳодиса қачон ва қаерда содир бўлганлигидан хабар берадиган ихчам йўлдош, шунингдек, табиий офатлар – сел, қор уюмининг кўчиши ва бошқалар юз беришидан хабар берадиган ва олдини оладиган асбоблар, қишлоқ хўжалиги ускуналари яратилди.
Кўп қиррали олим, фаннинг улкан ташкилотчиси, моҳир педагог, адабиётимиз ва илм-фанимиз билимдони Шавкат Воҳидов ҳаёт бўлганида 90 ёшни қаршилаган бўлар эди.
Маърифий кечада атоқли олим Шавкат Воҳидовнинг илмий тадқиқотлари, фаолияти, ибратли ҳаёти хусусида батафсил сўз юритилди. Таниқли журналист Шаҳобиддин Зайниддинов сценарийси асосида суратга олинган “Юлдузларга интилиб” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Насиба Усмонова.