“Шереметьево-Самарқанд-Шереметьево” йўналишидаги рейс можароси бўйича расмий муносабат билдирилди

Жорий йилнинг 12 март куни ижтимоий тармоқлар орқали “Самарқандда. 1200 АҚШ долларига билет олиб учолмадик” сарлавҳа остида тарқалган видеолавҳа Самарқанд халқаро аэропортининг вақтинчалик аэровокзалида суратга олинган бўлиб, унда бир қанча фуқароларнинг парвозга қўйилмаганлиги ҳақида сўз боради. “Uzbekistan Airports” АЖ ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Мазкур ҳолат юзасидан шуни таъкидлаш мумкин: биринчидан, “Uzbekistan Airports” АЖ тасарруфидаги 11 та халқаро аэропортнинг бирортасига билет сотиш ваколати берилмаган. Иккинчидан, пандемия шароитида ташкил қилинаётган чартер парвозлари учун ҳам билетлар хорижий давлатларнинг (қайси давлат рейси эканига қараб) авиакомпаниялари орқали сотилади. Ва авиакомпания вакиллари иштирокида рўйхатдаги, шунингдек ҳужжатлари талаб даражасида тақдим этилган йўловчиларгина парвоз қила олади.

Аниқланишича, 12 март кунги “Шереметьево-Самарқанд-Шереметьево” йўналишига (131 йўловчидан) 29 нафар йўловчининг парвоз қилишига рухсат берилмаганига асосий сабаб, "Аэрофлот" авиакомпанияси томонидан талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги, сохта ҳужжатларнинг ҳавола қилинганлигидир.

Эслатма ўрнида: Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Россия Федерациясига парвоз қилиши учун талаб қилинадиган барча ҳужжатлар “Аэрофлот” авиакомпанияси вакиллари томонидан текширилиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Бу жараёнда аэропорт ходимларининг мутлақо иштирок этмаслигини, уларнинг авиачипталар савдоси, нархига ва чартер рейсларни ташкил қилишга мутлақо дахли йўқлиги маълум қилинган.

Ўзбекистон аэропортлари йўловчиларнинг учиб келиши ва учиб кетиши вақтида ўз хизматларини кўрсатади, дейилади расмий муносабатда.

***

Маълумот учун: "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси 2020 йилнинг сентябрь ойида Беларус, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон ва Қирғизистонга, шу йилнинг 20 январидан Тожикистонга, март ойида Германия ва Ҳиндистонга мунтазам парвозларни тиклади.

Коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий бўлиб қолаётган мамлакатларга, хусусан, Россияга парвозлар махсус рейсларда давом этмоқда. Аввалроқ республика транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев март-апрель ойларида Россия билан мунтазам ҳаво қатнови тикланиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эди.