"Шижоатин охори бордур": III даражали давлат адлия маслаҳатчиси Эркин Абзалов 70 ёшда

Эркинжонни жуда кўп йиллардан бери таниймиз. Гарчи Чимкентда туғилиб-ўсган бўлса-да, 1970 йилдан кейинги умри Ўзбекистонда, ҳуқуқ-тартибот органлари идорасидаги фаолияти билан боғлиқ.

У ёшлигида деярли барча оддий ишларни бажариб ўрганган. Сирдарёда қуруқ ерларни ўзлаштираётган фидойиларнинг автокорхонасида, газ идорасида турли юмушларни бажарди. Иш оғир, маоши кам демади. Оддий баракларда, чўлқуварлар ёнида бўлди, лекин қўлидан китоб тушмади, отасининг "Болам, Тошкент ўқимаган одамларни сиғдирмайди", деган гапини эсда сақлади. 

Одамлар билан муносабатни ўрганган, ўз билимини синашни ўргангани учунми, Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга киргандан кейин деярли барча фанларда пешқадам бўлди. Бинобарин дипломни олгач ҳам айнан Сирдарёнинг ҳуқуқ-тартибот идораларида фаолият юритгани Эркинжонга жуда катта ҳаётий тажриба бўлди. Ўзи айтганидек, "Агар мен шаҳарроқ жойда, марказроқ жойда тажриба ўтаб, ишлаганимда бундай даражага эриша олмаслиги" мумкин эди. Негаки, вилоятдаги ижтимоий муҳит бу ердаги ҳар бир фидойининг фақат садоқат билан хизмат қилишини талаб этарди. 

Э.Абзалов бир муддат Самарқанд вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлади ва бу кўҳна заминнинг чинакам фарзанди бўлиб қолди. Чунки бу ерда ўрганган илмми, орттирган тажрибасими, балки намойиш қилган ибратидир - 1988 йилда уни иттифоқ прокуратураси умумий назорат бўлими прокурорлигига муносиб кўрди. Шунинг учун бўлса керак, Эркин Меҳмонович Самарқанд ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, вилоят аҳли, бу ердаги ажойиб одамлар ҳақида доимо ғурурланиб гапиради. 

Эркинжон ҳуқуқ-тартибот органларидаги фаолияти давомида доими юксак масъулият, ниҳоятда аниқлик билан ишлашга интилган. Унинг йиғилиш ёки тадбирга кеч қолганини, топшириқни уддалай олмай гап эшитганини унча-бунча одам кўрмаган, эшитмаган. Гарчи камтар, камсуқум, камгап бўлса-да, бироқ касб, гап Ватан, халқ манфаатига келиб тақалганида ундан баланд овоз билан гапирадиган топилмасди. Шу сабабли Қашқадарё вилояти, Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани прокурори, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани прокурори ва шу тизимдаги бошқа бир қатор лавозимларда ишлаганида ҳам барчага ибрат бўлди. Дарвоқе, у киши икки йилдан зиёдроқ вақт ичида Қашқадарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ҳам ишлади. 

Эркинжон бугун ҳам тинч ўтирадиган нуронийлардан эмас. Аввало, ҳамкасблари даврасида доимо янгича ишлаш, янгича яшашни тарғиб этади, кўп китоб ўқийди, кўп мақола ёзади. Кўплаб спорт федерациялари, хусусан, от спорти федерациясининг фаоли сифатида деярли барча халқаро мусобақаларда иштирок этади. Ижтимоий тармоқда эса Ватанимизда бўлаётган ҳар бир ўзгаришларга муносабат билдиришга улгуради. Шунинг учун ҳам бугун самарқандлик ҳамкасблари, дўстлари, вилоят зиёлилари номидан ана шу табаррук тупроқ шаънига муносиб яшаётган азиз замондошимизни табаррук 70 ёши билан табриклашга жазм этдик.

Шукрона кунларингиз муборак бўлсин, Эркин Меҳмонович!

Алишер МАРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.