Шимолий Корея "радиоактив цунами"ни қўзғатиши мумкин бўлган сув ости дронини синовдан ўтказди
21-23-март кунлари Шимолий Корея ядро қуролини олиб юришга қодир, портлашдан кейин “ўта кучли радиоактив цунами”ни келтириб чиқариши мумкин бўлган янги сувости дронини синовдан ўтказди. Бу ҳақда “Корея овози” давлат радиоси хабар берди.
"Ушбу махфий қурол бошқарувчисиз ядровий сув ости кема ҳужумчисидир. Унинг вазифаси сув остида яширинча сузиш, душман кема гуруҳлари ва портини йўқ қилиш учун сув ости портлатиш орқали ўта кучли радиоактив цунами ҳосил қилишдир", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 21 март куни КХДР шарқий соҳилидаги Хамгён-Намдо провинциясидаги машғулотлар ўтказиладиган ҳудудга йўналтирилган дрон 59 соат давомида сув остида бўлиб, 80-150 метр чуқурликда доимий йўналишни ўзгартирган ҳолда ҳаракат қилган. 23 март куни тушдан кейин қурилма синов каллаги сув остида портлатилган.
“Синовлар натижасида ядровий учувчисиз сув ости ҳужум аппаратининг барча тактик ва техник хусусиятлари аниқ баҳоланди, ишончлилиги тасдиқланди, ҳалокатли зарба беришдаги бенуқсонлиги исботланди”, — дейилади радио хабарида.
Синовларни КХДР етакчиси Ким Чен Ин назорат қилган. Қайд этилишича, у “АҚШ ва Жанубий Кореяни КХДР ҳудудида ўйламасдан ўтказилаётган машғулотларни тўхтатиш зарурлиги ҳақида қаттиқ огоҳлантирган”. КХДРда ядровий зарядни олиб юришга қодир сув ости дронини яратиш ишлари 2012 йилдан буён олиб борилган. Қурилма "hail" (дўл) деб номланган.