Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Шимолий оқим”ларда тўртинчи сизиб чиқиш аниқланди. Ҳодиса саботаж ҳаракати дейилмоқда

Буни ким ва нима мақсадда қилди? “Шимолий оқим-1” ва «Шимолий оқим-2” газ қувурларида газ сизиб чиқиши саботаждан бошқа нарса эмас» дейишмоқда Европада.

Душанба куни эрталаб Болтиқ денгизи акваториясидаги Даниянинг Борнхольм ороли яқинида бир неча портлашлар қайд этилганидан сўнг сизиб чиқиш жойлари аниқланган. Воқеа Украинадаги уруш туфайли Россия ва Ғарб ўртасидаги кескинлик ошиши фонида рўй берди.

“Шимолий оқим-1”нинг иккита қувурида ва “Шимолий оқим-2”нинг иккита қувуридан бирида бир вақтнинг ўзида сизиш пайдо бўлган. Иккинчиси ҳеч қачон ишлатилмаган бўлсада, аммо босимни ушлаб туриш учун унда газ мавжуд эди. Немис матбуоти хабарларига кўра, иккала қувур ҳам мутлақо яроқсиз ҳолга келиши мумкин.

Метте Фредериксен, Дания Бош вазири: "Бу тасодиф эмас. Қисқа вақт ичида турли қувурларда бир нечта портлашлар кузатилди".

Швеция ҳукумати раҳбари Магдалена Андерссон ҳам қўшма матбуот анжуманида худди шундай фикр билдирди.

Ҳодиса эртага, 30 сентябрь БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида муҳокама қилиниши кутилмоқда. Саботаж ортида ким туриши мумкин? Ҳозирча ҳеч ким Россияни тўғридан-тўғри айбламаса-да, аммо бу йўналишда (хусусан, Польшада) тахминлар мавжуд.

Кремль саботажга алоқадорлигини рад этмоқда.