Шри-Ланка мухолифати муваққат ҳукумат тузади

Намойишчилар мамлакат президенти ва бош вазир қароргоҳларини эгаллаб олишгач, Шри-Ланка мухолиф партиялари вақтинчалик “бирлик ҳукумати” тузишга қарор қилишди.

Аввалроқ Готабая Ражапакса давлат раҳбари лавозимини тарк этишга ваъда берган, якшанба оқшомида турли сиёсий ҳаракат етакчилари музокаралар ўтказишган эди. Аммо намойишчилар президент ва бош вазир истеъфосини расман эълон қилишини талаб қилиб, ҳашаматли қасрларни тарк этишдан бош тортмоқда.

Парламент спикери Жапа Абеивардена келаси ҳафта Готабай Ражапакса истеъфога чиққач, 15 июлда парламент чақирилиши ва 20 июлда янги президент сайланишини маълум қилди.

Аввалроқ, Шри-Ланка бош вазири Ранил Викрамасингхе мамлакат президентидан давлат раҳбари истеъфога чиққанини тасдиқловчи ҳужжатларни олганини маълум қилганди.

Ҳукумат нотўғри бошқарувда айбланмоқда. Шу сабабли Шри-Ланкада иқтисодий инқироз авж олди. Аҳоли озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармоннинг кескин танқислигига дуч келди.

"Ярим йилдан буён озиқ-овқат, бензин учун одамлар навбатга туришади. Лекин энди уларда умид пайдо бўлди", - дейди намойишчилардан бири.

Жанубий Осиёдаги бу орол давлатда ҳукуматга қарши намойишлар апрелдан буён давом этмоқда.