Эронда норозилик намойишлари давом этмоқда, бу орада ҳарбийлар Курдистонни ўққа тутгани айтилмоқда

Эрон томонидан Ироқнинг Курдистон ҳудудини ўққа тутиши оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Ҳужум нишони Эрон курд мухолиф гуруҳлари базалари бўлган.

Эрон ОАВларининг хабар беришича, ҳарбийлар операцияни ушбу кучларнинг Ислом Республикасидаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишлари ортидан бошлаган.

24-26 кунлари Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси кучлари курдлар позицияларига бир қатор дрон ва артиллерия зарбаларини берган. Кеча ҳам отишмалар қайта бошлангани ҳақида маълумот олинган.

Ироқ ва курд ҳукумати ҳужумларни қоралади. Буларнинг барчаси асли курд бўлган эронлик 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлимига қарши давом этаётган норозилик намойишлари фонида содир бўлаётгани айтилмоқда.

Эронда Маҳса Аминий ўлими муносабати билан норозилик намойишлари давом этмоқда. Юзлаб одамлар шаҳарлар кўчаларига чиқди. Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, 16 сентябрда бошланган намойишлар чоғида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб яраланганлар бор.

Раҳа Баҳрайн, инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат:

"Биз жойида тўплаган далиллар хавфсизлик кучлари ўқ узаётганини кўрсатмоқда. Улар намойишчи ва йўловчиларни қувмоқда. Юзлаб аёллар, болалар ва эркаклар яраланган. Бу уларнинг одамларга максимал даражада зарар етказиш ниятидан далолат беради".

Шунингдек, Буэнос-Айресдаги Эрон элчихонаси олдида тўпланган ўнлаб намойишчилар, асосан аёллар, Эронда аёлларни қўллаб-қувватлаш ва диний диктатурага қарши чиқишди. Нью-Йоркда ҳам норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Маҳса Аминининг ўлими 16 сентябрь куни маълум бўлди. Қиз Теҳронда диний рўмол боғлаш ҳақидаги даъволари туфайли ҳибсга олинган эди. Расмийларнинг таъкидлашича, Амини юрак хуружидан вафот этган. Қариндошлари унинг калтак зарбаларидан вафот этганини таъкидлашмоқда.