Швейцарияда ўта иссиқ уй учун жарима ва қамоқ белгиланиши мумкин, Францияда ўтин ва печга буюртмалар кескин ошган

Мамлакатда газ тақчиллиги сабабли бу қишда ҳукумат кўрсатмаларини бузган швейцарияликлар жаримага тортилиши ва уч йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Буни Blick нашрига Иқтисодиёт вазирлиги матбуот котиби Маркус Спурндли тасдиқлади.

Унинг таъкидлашича, уйларида қасддан қоидабузарлик содир бўлган тақдирда ҳаво ҳарорати 19 даражадан юқори бўлган фуқароларни жазо кутмоқда. "Таъминот қонунини бузиш ҳар доим ҳуқуқбузарлик ёки ҳатто жиноятдир ва жиноий жавобгарликка тортилиши керак", деб тушунтирди расмий.

Электр энергиясини тежаш мақсадида мамлакатда инфрақизил иситгичлардан фойдаланиш тақиқланган. Сауналар ва бассейнлар умуман иситилмайди.

Аввалроқ газ ва электр нархининг ошишига дуч келган Франциянинг кўплаб аҳолиси келгуси қишда уйларини ўтин билан иситишга қарор қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Ўтин ишлаб чиқарувчи корхоналар тўлиқ қувват билан ишламоқда, буюртмалар оқими тўхтамаяпти, ўтин печлари савдоси йил давомида бир ярим баробар ошди.