Синовдан ўтказилаётган Хитой вакцинаси 5 кишига ножўя таъсир қилган

Бугунги кунда Ўзбекистонда Инновация вазирлиги бошчилигида Хитойнинг "Zhifei Longcom" компанияси билан ҳамкорликда  "ZF-2001" рекомбинант вакцинасининг 3-фаза клиник синов босқичи ўтказилмоқда.

Ҳозирга қадар 3-фаза клиник синови доирасида 6697 нафар кўнгилли ҳамюртимиз вакцинанинг 1-дозаси билан эмланган бўлса, яна 1209 нафари 2-дозани ҳам қабул қилган.

Клиник синовнинг дастлабки натижаларига кўра, вакцина қабул қилганлар орасида 1-даражали ножўя таъсирлар (аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи) 5 нафар шахсда кузатилган ёки  0,3 фоизни ташкил этган, холос (солиштириш учун, бу кўрсатгич "Pfizer/Biontech"да 2-3,8 фоиз, "Спутник V"да эса 0,3-0,4 фоизни ташкил этган). 2- ва 3-даражали ножўя таъсирлар эса кузатилмаган. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди. 

Ушбу клиник синовнинг муваффақиятли натижалари ортидан Инновация вазирлиги  Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланишни ҳамда бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилмоқда.

Агар махсус комиссия томонидан бундай рухсат берилса, вакцина яратилишида ҳамкор томон сифатида Ўзбекистонга вакцина имтиёзли нархларда ва етарли қувватларда етказиб берилади. Шунингдек, мамлакатда вакцина "ZF-UZ-2001" номи остида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда тижоратлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Махсус комиссия раисига кўра, Хитой компанияси маҳаллий фармацевтика компанияларимиз билан ҳамкорликда "ZF-UZ-2001" вакцинасини жорий йилда 300 миллион донагача ишлаб чиқиши  ва етказиб бериши мумкин. Бу эса жорий йил охиригача мамлакат аҳолисини оммавий равишда эмлаш имкониятини яратади.

Шунингдек, ҳукумат раҳбари Халқаро Вакциналар Иттифоқи (GAVI) томонидан Ўзбекистонга 2,5 миллионга яқин "Astra-Zeneca" вакциналарини бепул етказиб берилиши бўйича ҳам музокаралар якунланаётганини маълум қилди. Музокаралар якунига қараб, ушбу вакциналарнинг дастлабки 800 минг донаси жорий йилнинг март ойларида Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда.