Сиртқи таълимнинг ёпилиши таълимдаги муаммоларга ечимми?

Олий таълим муассасаларида сиртқи таълим шаклининг ёпилиши ҳақидаги хабарлар тарқалганига кўп бўлмади. Бунга баъзилар сиртқи таълим шаклидан сифатли таълим олиб бўлмаслигини сабаб қилиб кўрсатяпти. Хўш, ҳақиқатан ҳам шундайми? Сиртқи таълимнинг ёпилиши қандай ўзгаришлар олиб келиши мумкин? Келинг, шу ҳақда соҳа мутахассисларининг фикрларига эътибор қаратайлик.
Ҳусниддин ХОНҚУЛОВ, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг ўқув ишлари бўйича проректори, доцент:
- Президентимизнинг 2025 йил 5 майдаги “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан республикамизда 2025/2026-ўқув йилидан таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилиши ва кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари ошириб борилиши белгиланди.
Аслида сиртқи таълим шаклида кадрлар тайёрлаш қайсидир соҳада фаолият юритаётган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Бироқ сўнгги йилларда мамлакатимиздаги барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида таълимнинг бу шаклидан бирдек фойдаланиб келинди. Сиртқи таълим шаклида йилига атиги икки ой давом этадиган дарсларда талабалар керакли билимларга эга бўла олмаслиги кенг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди. Албатта, ҳар бир таълим шаклининг камчиликлари бўлгани каби унинг маълум афзалликлари ҳам бор. Сиртқи таълимда таълим сифатининг пастлиги талабаларнинг ўқиш жараёнидаги фаоллиги пастлиги билан изоҳланади. Чунки сиртқи таълимда талабалар иш ўрнига эгалиги боис дарсларга бориш ва ўқитувчилар билан мулоқот қилиш имконияти кам бўлади. Шунинг учун талабалар кўпроқ ўзлари мустақил ўқишига тўғри келади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, амалий кўникмалар ва маълум тажрибага эга ўрта маълумотга эга мутахассислар учун ишдан ажралмаган ҳолда сиртқи таълим олиши баъзи олий маълумот олиш истагида бўлганлар учун анча қулай. Эндиликда, олий таълим тизимида халқаро тажрибаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда сиртқи таълим шаклига муқобил бўлган таълим шаклларини жорий этиш лозим.
Давлат раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони 1-банди, 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони 1-иловаси, яъни стратегиянинг 2-боби, VIIбандида олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кадрларнинг таълим ва касбий тайёргарлик тизимини ислоҳ қилиш вазифаси устувор йўналишлардан этиб белгиланган.
Дунё амалиётида сиртқи таълим шаклига муқобил таълим шакли сифатида “очиқ университет” тамойили асосида кадрлар тайёрлаш кенг йўлга қўйилган. Ушбу тажриба дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида жорий этилган бўлиб, бунда олийгоҳ талабалари билан ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ёки олий маълумотга эга бўлган, бироқ фаолият йўналишини ўзгартирмоқчи бўлганлар тингловчи сифатида мутахассислик фанларини биргаликда ўқиб ўзлаштиради.
Республикамизда жорий этиладиган ушбу очиқ университет тамойилида ҳам тингловчиларнинг таклифлари ҳамда олийгоҳ имкониятларидан келиб чиқиб, ўқув курслари имкон қадар модуллар шаклида барча учун қулай муддатларда ташкил этилади. Бунда назарий таълим олаётган талабалар ҳамда амалий тажрибага эга бўлган тингловчилар биргаликда фанларни ўзлаштириб, бир-бирига кўмак беради, таълимда назария ва амалиёт уйғунлашуви амалга ошади. Бунда тингловчилар фан учун ажратилган кредитларга мос тўловларни амалга ошириб, назарий таълим олади ҳамда курс якунида ўзлаштирган фан модуллари бўйича сертификатга эга бўлади. Тингловчилар томонидан тўплаб борган кредитлар олийгоҳ томонидан тан олинади ҳамда йиллар мобайнида ўқув курсларида тўплаган кредитларини жамлаган ҳолда охирги семестрни олийгоҳда ўқиш орқали диплом олишга имкон яратилади.
2024 йилдан бошлаб Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Тожикистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури томонидан молиялаштирилган “Open Food Innovation University (Озиқ-овқат инновациялари бўйича очиқ университет) OFINU” лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Олимларимиз айнан шу йўналишда кадрлар тайёрлаш мақсадида Латвия ҳамда Словакия давлатлари тажрибаларини ҳам ўрганишди. Бугун ушбу тажрибани жорий этишга доир тегишли меъёрий ҳужжатлар тайёрламоқда. Келгусида республикамизнинг ушбу олийгоҳларида тажриба синов тариқасида очиқ университет тамойили асосида озиқ-овқат инновацияларини ўзида мужассам этган йўналишда кадрлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Алишер ЭРНАЗАРОВ, ISFT хусусий университети Самарқанд филиали директоринингўқув ишлари бўйича ўринбосари, доцент:
- 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб дастлаб педагогика, сўнгра барча йўналишларда сиртқи таълим шакли ёпилиши ҳақида янгиликлар эълон қилинди. Бу ҳақида “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради. Фармонга кўра, Ўзбекистонда таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш механизмларини белгилаш ҳамда кўрсатилаётган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсад қилинган. Лекин ҳақиқатан ҳам шундайми?
Ўзбекистонда таълим олишнинг турли шакллари мавжуд бўлиб, улар “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Яъни, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш (кундузги). Бу анъанавий таълим шакли бўлиб, талабалар ёки ўқувчилар кун давомида таълим муассасасида дарсларга қатнайди. Мактаб, лицей, коллеж ва университетларнинг кундузги бўлимлари бунга мисол. Яна бири ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш. Бу шакл ишлаётган ёки бошқа сабабларга кўра кундузги таълимга қатнаша олмайдиганлар учун қулай. Унинг бир нечта кўринишлари бор. Масалан, сиртқи таълим, кечки таълим, масофавий таълим, дуал таълим, инклюзив таълим ва бошқалар.
Албатта, юқоридаги мавжуд таълим шакллари таълим хизматлари тури ва сифатининг ошишига хизмат қилади. Яъни, таълим олиш турлари қанчалик кўп бўлса, бу билим олувчиларга шунчалик қулайлик туғдиради.
Сиртқи таълим — бу таълим олишнинг бир шакли бўлиб, унда талабалар доимий равишда университетга бормасдан, мустақил равишда ёки қисман мустақил ўқишлар орқали билим олади. Ўзбекистонда сиртқи таълим кўпинча ишловчи шахслар учун қулай ҳисобланади.
Сиртқи таълим кўплаб ишловчи талабалар, оилавий мажбуриятлари бор шахслар ва молиявий имкониятлари чекланганлар учун муҳим имконият бўлганлиги сабабли, унинг ёпилиши айрим оқибатларга олиб келиши мумкин.
Биринчидан, сиртқи таълим ишлайдиганларга ўқиш ва касб билан бирга билим олиш имконини берарди. Унинг ёпилиши билан кўплаб шахсларнингкундузги таълимга вақт топа олмаслиги эҳтимоли бор.Бу эса уларнинг олий таълим олиш имкониятини чеклайди.
Айниқса, қишлоқ ва узоқ ҳудудларда яшовчилар учун сиртқи таълим қулай эди. Чунки уларга доимий равишда шаҳарга бориш шарт эмасди. Ёпилиш уларни таълимдан узоқлаштиради.
Иккинчидан, сиртқи таълим одатда кундузги таълимга нисбатан арзонроқ бўлиб, кўплаб кам таъминланган оилалар учун қулай эди. Унинг ёпилиши кам даромадли оилаларнинг олий таълим олиш имкониятини янада қийинлаштиради. Шунингдек, сиртқи таълим аёллар ва оилавий мажбуриятлари бор шахслар (масалан, бола парвариши билан банд бўлганлар) учун муҳим эди.
Учинчидан, сиртқи таълимнинг ёпилиши ишчи кучида малакали кадрлар танқислигига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, таълим олиш имкониятининг чекланиши одамларнинг касбий малакасини ошириш имкониятини камайтиради ва ишсизлик даражасининг ортишига сабаб бўлади.
Агар сиртқи таълим ўрнига масофавий таълим таклиф қилинса, интернет сифати паст бўлган ҳудудларда яшовчилар ва технологик қурилмаларга эга бўлмаганлар учун бу муаммо бўлади. Ўқитувчилар ва талабаларнинг барчаси масофавий таълимга тўлиқ мослашмаган бўлса, бу ҳолат таълим сифатига таъсир қилади. Бундан ташқари, сиртқи таълим кўплаб университетлар учун талабалар оқими ва даромад манбаи эди.
Хўш, ушбу муаммоларнинг юзага келмаслиги учун нима қилиш керак? Сиртқи таълим ўрнига сифатли масофавий таълим платформаларини кенгайтириш ва уларнинг барча учун қулай бўлишига эътибор қаратиш лозим. Кечки таълим ёки қисман масофавий таълим каби гибрид моделларни жорий қилиш ҳам яхши самара беради. Интернет ва технологик қурилмаларга эришишни кенгайтириш орқали масофавий таълимнинг муаммоларини камайтириш мумкин.
Ҳозирда сиртқи таълим ўрнига муқобил вариант сифатида масофавий таълим кўрилмоқда. Умуман,таълим шаклларининг кўп бўлиши ва таълим соҳасидаги эркинликлар, хусусий таълимнинг қўллаб-қувватланиши таълим соҳасига ижобий таъсир қилади.
Масофавий таълим – бу замонавий таълим шакли бўлиб, унда талабалар ўқув жараёнида асосан интернет ва онлайн платформалар орқали иштирок этади. Бу сиртқи таълимдан фарқли ўлароқ, кўпроқ технологик имкониятларга таянади ва талабаларга ўқиш учун жисмоний равишда ўқув муассасасига бориш талаб қилинмайди.
Масофавий таълимда дарслар Zoom, Microsoft Teams, Moodle ёки махсус ўқув платформалари орқали ўтказилади. Талабалар вақтини мустақил равишда бошқариб, онлайн материаллардан фойдаланиб ўқиши мумкин. Бунда видео дарслар, электрон китоблар, тестлар ва форумлар орқали билим олинади. Имтиҳонлар ва топшириқлар кўпинча онлайн шаклда амалга оширилади, баъзида эса оффлайн (имтиҳон марказларида) топширилади. Масофавий таълимнинг қулайлиги шундаки, географик чекловларсиз, хоҳлаган жойдан ўқиш имконияти мавжуд.
Мафтуна ХОЛОВА, Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти, филология фанлари доктори:
- Сиртқи таълим шакли талабага иш ва ўқишни бирлаштириш имкониятини беради. Талабалар бир неча ҳафта давомида катта миқдордаги мавзуларни ўзлаштиради, сўнг улардан имтиҳонлар олинади. Сиртқи таълим одатда кундузги таълимдан кам давом этади. Чунки у учун қисқартирилган дастурлар тақдим этилади. Сиртқи таълимда ўқиш муддати кундузги таълимга қараганда узоқроқ бўлиб, бу ҳам бакалавриат, ҳам мутахассислик даражаларига тааллуқли. Лекин хорижий тилларни ўрганиш доимий амалиёт ва малакаларни такомиллаштиришни талаб қилганлиги сабабли баъзи бир мутахассисликлар, масалан, хорижий тиллар ва таржима назарияси йўналишлари сиртқи ўқиш орқали ўзлаштирилиши мумкин эмас. Шунинг учун кўпгина университетларда тил мутахассисликлари учун сиртқи таълим шакли мавжуд эмас.
Бугунги ахборот технологиялари асрида, хусусан, янги педагогик технологиялар асосида таълим берилаётган жамиятда сиртқи таълим мутахассисларига талаб қай даражада, деган савол туғилади. Аввало, сиртқи таълим шаклида йилига атиги икки ой давом этадиган дарсларда талабалар керакли билимга эга бўла олмайди. Бу каби эътирозлар қайсидир маънода ўринли.
Мактабни битириб, сиртқи таълимга ҳужжат топшириш ўзини оқламайдигандек назаримда. Сиртқи таълимда ўқишни истовчи мутахассис айнан иш стажи ва маълум ёш чегарасида бўлмоғи, шунинг билан бирга фаолият юритаётган ташкилот тавсияномасига эга бўлиши керак. Бу дегани, амалий малакаларини сиртқи таълимда назарий жиҳатдан мустаҳкамлаш имконини яратади.
***
Мутахассислар фикрларини маъқуллаган ҳолда айтиш мумкинки, сиртқи таълим педагогика соҳасида мутахассислар тайёрлашга тўғри келмайди. Буни оддий мисол билан тушунтираман. Нега тиббиёт соҳасида сиртқи таълим шакли йўқ? Негаки, ҳар олти ойда 30-40 кун анъанавий дарслар ўқитилиши билан шифокор тайёрлаб бўлмайди. Худди шундай ҳар олти ойда бир ойлик офлайн дарслар ҳисобига салоҳиятли, етук педагог тайёрлаш ҳам қийин масала. Баъзилар мактабгача таълим ташкилотларида ишлаш учун сиртқи таълим етарли, деб ўйлайди. Аслида таълим-тарбия боғчадан бошланади. Хорижий давлатларда айнан болалар боғчаларида ишловчи педагогларнинг олий маълумотли бўлиши ва малака-тажрибаси инобатга олинади. Бизда сиртқи таълимни ёпиш орқали шунчаки диплом учун ўқиётган педагоглар фаолиятига чек қўйилмоқда.
Бугун таълим олиш учун имкониятлар кенгаймоқда. Сиртқи таълим ўрнига масофавий таълим ёки очиқ университет тамойили асосида узлуксиз таълим шаклларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ. Тўғри, ҳар қандай янгилик бошида қийин туюлади, аммо вақти келиб хорижий давлатлар каби бизда ҳам бундай таълим шаклларига кўникма ҳосил бўлади.
Хуршида Эрназарова тайёрлади.