SIUT талабалари учун Хитойда махсус ёзги оромгоҳ ташкил этилди
Хитойнинг етакчи техника университетларидан бири - Northeast Electric Power University (Шимолий-Шарқий электр энергетика университети (NEEPU) ва Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ўртасида таълимни ривожлантириш бўйича алоқалар ўрнатилган.
Яқинда университетнинг бир гуруҳ талабалари Жилин шаҳрида жойлашган Шимолий-Шарқий электр энергетика университети (Northeast Electric Power University (NEEPU)га “Талабалар алмашинувини кенгайтириш ва Хитой-Ўзбекистон дўстлигини чуқурлаштириш” мавзусидаги ёзги оромгоҳда иштирок этди.
Талабаларимиз NEEPU кампуси ва ўқув дастурлари, хорижлик талабалар учун яратилган имкониятлар, университетнинг таълим йўналишлари ва лабораториялари билан яқиндан танишди. Шунингдек, улар университет негизида жойлашган электр станциясида ўтказилган амалий машғулотларда ҳам бевосита қатнашди.
SIUT талабалари университет фаолияти билан танишишдан ташқари Хитой давлати маданияти, урф-одатлари, унинг ўтмиши ҳақида сўзловчи обидалар, жумладан Метеорит музейи, Жилин тарихи музейи ва Бейшан боғи, Конфуций ибодатхонаси ва Лонгтан тоғлари каби туристик масканларда саёҳатлар қилди.
- Биз биринчи босқичданоқ талабалар алмашинув дастурларида қатнашиш имконига эга бўлдик, - деди Саодат Салеева. - Жорий йилнинг июнь ойида “Олтин Мерос” талабалар театр студияси иштирокчиси сифатида Жанубий Кореяга борган бўлсам, орадан кўп ўтмай Хитойдаги ёзги оромгоҳга сафар қилдим. Биз учун бу саёҳатлар жуда муҳим, чунки келажакда Шимолий-Шарқий электр энергетика университетида ўқишни давом эттиришни режалаштиряпмиз.
- Жилин шаҳридаги сафаримиз мобайнида биз янги дўстлар орттириб, улар билан хитой тилида мулоқот қилишга ҳаракат қилдик, - деди Олим Дўстмуродов. - Қувонарлиси, SIUTда бир йил давомида хитой тилида эгаллаган билимларимиз қўл келди. Мен Хитойнинг энергетик тараққиётининг гувоҳи бўлдим. Биз NEEPU талабалари учун саноат ишлаб чиқариш зонаси бўлган маҳаллий электр станциясида лаборатория тадқиқотларида қатнашдик.
Шунингдек, университетлар ўртасида ҳамкорлик доирасида нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар орасида академик алмашинув йўлга қўйилган. Янги 2024-2025 ўқув йилида NEEPUнинг яна 2 нафар маҳоратли профессори – Li XingCan ва Zhang SuHan CIEPнинг “Иссиқлик энергетикаси” дастури бўйича таълим жараёнларига жалб этилди.
Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ахборот хизмати.