Сиёбча канали атрофи маиший чиқиндилардан тозаланди

Кеча, 21 октябрь куни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси томонидан Мотрид ва Хумо маҳаллалари марказидан оқиб ўтувчи Сиёбча канали ва кўприк атрофи ҳар хил маиший чиқиндилардан тозаланди.

Тозалаш давомида кўприк атрофидаги манзарани кўриб, инсоннинг шу даражада лоқайдсизлиги ва бефарқлигига ҳайрон қоласан киши. Ахир сувни халқимиз  оби-ҳаёт деб улуғлайди.

Агар бир томчи сувнинг қадрига етмасак, бир кун келиб сувнинг катта уволига қолишни ҳамма биладику?! Мисол учун, буюк аллома ал-Форобий асарларида ҳам борлиқдаги 4 унсур – тупроқ, ҳаво, сув ва олов муқаддаслиги таъкидланади. Зеро, сувни эъзозламоқ, келажакни асрамоқ демак.

Қадрли самарқандликлар, қадим ва навқирон шаҳримизнинг тозалиги ва ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик. Кўчаларимизнинг тозалиги бизнинг юзимиздир!