Сиёсий партияларга сайловларда қатнашишига ижозат берилди

Бугун, 15 октябрь куни Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этган йиғилиш кун тартибига 4 та масала киритилди.

2019 йил 10 октябрдан бошлаб мамлакат сиёсий майдонида фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партия ваколатли вакиллари томонидан Марказий сайлов комиссиясига сайловчилар томонидан сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб қувватловчи имзолари қўйилган имзо варақалари тақдим этилганди.

11-14 октябрь кунлари имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилган, таркибига МСКнинг доимий асосда ишловчи аъзолари - ички ишлар ва адлия органларининг хатшунос экспертлари, мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилган Эксперт гуруҳи текшириб чиқди ва ижобий хулоса берди. Ушбу жараёнда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳам қатнашди.

Йиғилишда Марказий сайлов комиссияси томонидан Эксперт гуруҳининг ижобий хулосаларига мувофиқ «Сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида қатнашишига ижозат бериш тўғрисида» қарор қабул қилинди.