Сиз келасиз кўкдаги ҳилол

Гулчирой Олтин (Абдуллаева) - 1986 йил 19 августда Пахтачи туманидаги Деҳқонобод қишлоғида туғилган. Навоий маданият ва санъат коллежини тугатган. Пахтачи туман маданият бўлимида фаолият кўрсатади. Шеърлари туман газетасида чоп этилган. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Кутиш

Сиз келасиз кутиб яшасам,
Гар чидасам дарду ҳижронга.
Сиз келасиз сизни унутмай,
Сизсиз сиғмай турсам замонга.

Сиз келасиз, сизга бўлиб ишқ,
Қалбингизда мангу ёнолсам.
Қаҳри қаттиқ қаҳратондан сўнг,
Баҳорингиз бўлиб қололсам.

Сиз келасиз кўкдаги ҳилол,
Юлдузларни аллалаган чоғ.
Сиз келасиз чиройга тўлар,
Бизни интиқ кутаётган боғ.

Сиз келасиз, қўлингизда гул,
Шўх куйлару, яллалар билан.
Иккимизга буюк бахт тилаб,
Фаришталар айтишар ўлан.

Сиз келасиз, гар келмасангиз,
Танҳоликни ихтиёр этгум.
Майли йиллар бўлсин бешафқат,
Келасиз деб тоабад кутгум.
***
Энди баҳор бизни изласин

Кутавериб чарчадик, толдик,
Ул баҳорга етмади қўлим.
Ошиқ кўздан балога қолдик,
Бўлди энди кетамиз, кўнглим.

Энди баҳор бизни изласин,
Сув қуриди олдида оққан.
Унга ёмон бўлган биз ўша -
Хазонларни сочига таққан.

Энди баҳорга ҳам йўқ ҳавас,
Гуллар бизга суқланиб боқсин.
Қарамаймиз ортиқ қайрилиб,
Кўзларидан дарёлар оқсин.

Зинҳор қарамаймиз қайрилиб,
Андуҳларни худога солдик.
Энди баҳор бизни изласин,
Биз хазонга боғланиб қолдик.

***
Сизни эслаб
«Мени эслаб йиғлайсиз ҳали»
Нодир Жонузоқ.

Сизни эслаб йиғлашим ростдир,
Атиргулдек тўкилиб ғариб.
Юзда ажин, қўлларда қадоқ,
Бел букилар, сочлар оқариб.

Эслаб сизни йиғлашим аниқ,
Кўзларимда томчи ёш қолмай.
Тукиламан оёғингизга,
Лолалардек узоққа бормай.

Эслатади сизни нилуфар,
Эслатади атиргул бот-бот.
Сизни эслаб йиғлайман ҳамон,
Чиройлидир сиз бор бу ҳаёт.

Сизни эслаб йиғлашим ростдир,
Ўз қаърига тортар бу ботқоқ.
Лола мисол тугайман бир кун,
Сиз томоша қиласиз узоқ!

Гулчирой Олтин.