Скрининг қандай ўтказилади?

Президентнинг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан юртимизда 40 ёшдан ошган аҳоли ҳар йили камида бир марта қандли диабет ва диабетолди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилиши белгиланган.

Мазкур текширув туман, шаҳар эндокринологлари томонидан бирламчи тиббиёт бўғини мутахассислари билан биргаликда ўтказилади. Бунинг учун ҳудудий поликлиникалар зарур тиббий ускуналар, глюкометр, махсус тест япроқчалари ҳамда игналар билан таъминланган. Лекин скрининг текширувларини ўтказадиган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларининг бу борадаги билим ва макаласини ошириб бориш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиалида қандли диабет иккинчи тур беморларни терапевтик ўқитиш миллий таълим мактабида шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш йўлга қўйилган.

Мактабнинг навбатдаги ўқув семинари Пайариқ туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилди.

Тумандаги ҚВП ва оилавий шифокор пунктлари оилавий шифокорлари, патронаж ва амалиётчи ҳамширалар иштирок этган тадбирда марказ вилоят филиали врач-эндокринологи Аъзам Ҳамзаев скрининг ўтказишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, қандли диабет 2-тури бўйича тушунча берди.

– Қандли диабет юзага келиши мумкин бўлган ортиқча вазнли ва бошқа турли омиллар таъсиридаги кишиларни вақти-вақти билан кўрикдан ўтказиб туриш, касаллик ва уни келтириб чиқарувчи сабаблардан уларни хабардор қилиш бирламчи бўғиндаги тиббиёт муассасаларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, – дейди А.Ҳамзаев. – Шу боис 40 ёшдан ошган аҳоли йилига камида бир марта қандли диабет ва диабетолди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилмоқда. Бу, аввало, касалликнинг олдини олиш ва эрта аниқлашга ёрдам беради. Ўқувларимиз давомида шифокор ва ҳамшираларга текширувлар билан бирга аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, тўғри овқатланиш, фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш тўғрисида тушунча бериш зарурлигини уқтиряпмиз.

Бу каби ўқувлар бошқа туман ва шаҳарларда ҳам ўтказилмоқда.